Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов Осиёнинг 2014 йилдаги энг яхши ҳаками номига даъвогар сифатида кўрсатилди. Бу ҳақда Осиё Футбол Конфедерацияси расмий сайтига асосланиб «Kun.uz» хабар бермоқда.
ОФК сайтида 27 ноябрь куни эълон қилинган «2014 йилнинг энг яхшилари» номига даъвогарлар рўйхатида Ўзбекистон фақат битта йўналишда – «Йилнинг энг яхши ҳаками» номинациясида ғолиблик учун курашади.Қайд этилишича, 2010 (5 та ўйин) ва 2014 (4 та ўйин) йилги жаҳон чемпионатларида жами 9та ўйинга ҳакамлик қилиб, ўзига хос рекорд билан тарихга кирган Равшан Эрматовга эронлик Алиризо Фағоний ва баҳрайнлик Наваф Шукрулла рақиблик қилади.
Маълумот учун, Равшан Эрматов 2008, 2009, 2010 ва 2011 йилларда Осиёнинг энг яхши ҳаками деб топилган. 2011 йили эса WorldReferee.com портали томонидан жаҳоннинг энг яхши ҳаками деб таърифланганди.
ОФКнинг «Йилнинг энг яхшилари»ни тақдирлаш маросими 2014 йил 30 ноябрь куни Филиппин пойтахти Манила шаҳрида бўлиб ўтади. Шу куни, шунингдек, ОФКнинг 60 йиллиги ҳам нишонланади.
Изоҳ (0)