Камтарона ҳаёт тарзи олиб бориши билан танилган Уругвай президенти Хосе Мухика ўзининг 1987 йилда ишлаб чиқарилган Volkswagen Beetle русумидаги автомобили учун исми ошкор этилмаган араб шайхи томонидан 1 миллион долларлик таклиф олди, деб хабар бермоқда Motor.ru.
Араб шайхи ушбу таклифни жорий йилнинг июнь ойида Боливияда бўлиб ўтган «G77 + Хитой» ривожланаётган давлатлар саммити чоғида билдирган. Мухиканинг айтишича, бу шундай таклифларнинг биринчиси эмас, бироқ айнан шу таклифдан кейин у ўз машинасини бундай нархда сотишни ўйлаб кўрган.Уругвай президентининг сўзларига кўра, машина сотилган тақдирда пуллар камбағалларга ёрдам берувчи Plan Juntos жамғармасига ёки мамлакатга ёрдам берадиган бошқа бирор жойга ўтказилади. Ушбу жамғарма Мухиканинг ўзи томонидан ташкил қилинган бўлиб, у 250 минг песо (12 500 доллар)лик маошинг 90 фоизини ҳар ой фонд ҳисобига ўтказиб туради. Машинасини эса президент даромадлар тўғрисидаги декларацияда 70 минг песо (2850 доллар) деб кўрсатган.
Изоҳ (0)