Брюсселда 100 мингдан ортиқ одам Бельгия ҳукумати олиб бораётган қатъий иқтисод қилиш сиёсатига қарши оммавий норозилик намойиши ўтказди. Бу ҳақда Le Soir’га асосланиб Kun.uz хабар бермоқда.
Акция икки соатдан кўпроқ вақт давомида тинч ўтди, бироқ шундан кейин полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди, полиция намойишчиларга нисбатан кўздан ёш оқизувчи газ ва сув отиш машиналаридан фойдаланган.
Бельгия ОАВ хабарларига кўра, ҳар икки томонда ҳам жабрланганлар бўлган. «12 нафар полициячи тан жароҳати олган – уларнинг жароҳатлари қанчалик жиддий эканлиги номаълум», – дейилади нашр хабарида.
2014 йил кузида Бельгияда янги ҳукумат шакллантирилган эди. 11 октябрь куни у қирол Филипп олдида қасамёд қабул қилган. Бош вазир этиб «Ислоҳотчилик ҳаракати» либерал партияси етакчиси Шарл Мишель тайинланган.
Янги ҳукумат ишга киришгани ҳамоноқ бир қатор ислоҳотлар ўтказишини эълон қилди. Хусусан, 2030 йилга бориб пенсияга чиқиш ёши босқичма-босқич 65 ёшдан 67 ёшгача оширилиши эълон қилинди. Бундан ташқари, ҳукумат соғлиқни сақлаш соҳаси учун харажатларни қисқартиришга киришди ва давлат компаниялари ишчиларининг маошларини индексация қилишдан бош тортди.
Хабар беришларича, 15 декабрь куни Бельгияда умуммиллий иш ташлаш ўтказилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)