«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди, «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик темир йўл компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
«Она Ватан тарихи» шиори остида уюштирилган саёҳат давомида мутахассислар болаларга Самарқанд шаҳри ўтмишда йирик савдо ва ҳунармандлик, фан ва маданият маркази бўлгани хусусида сўзлаб берди. Шу билан бирга мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида Самарқанд озод ва обод юртнинг бебаҳо дурдонаси, тарих ва замонавийлик уйғунлашган бетакрор шаҳар сифатида янада равнақ топаётгани алоҳида эътироф этилди.
«Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд ёшларимизни ҳайратлантирди. Юртимизда тарихий-маданий бойликларни асраб-авайлаш, ҳунармандликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самарасида обидалар, муқаддас қадамжолар тобора чирой очмоқда. Ушбу саёҳатдан сўнг болаларимизда гўзал Самарқанд тарихини чуқурроқ ўрганишга қизиқиш кучайди», – деди 30-Меҳрибонлик уйи тарбиячиси Зуҳра Обидова.
Шаҳарнинг ноёб меъморий обидалари, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган муҳташам иморатлар, маданий-маърифий иншоотлар, сайлгоҳлар болаларда ўзгача таассурот қолдирди.
Изоҳ (0)