Португалия пойтахти Лиссабон шаҳрида бўлиб ўтган «Вера – 2014» халқаро тасвирий санъат кўргазмасида Бухоро вилоятининг Ғиждувон кулолчилик мактаби вакили Алишер Нарзуллаев бош мукофот — Гран-прига сазовор бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Саккизинчи бор ўтказилган кўргазмада Ўзбекистон, Германия, Франция, Чехия, Исроил, Озарбайжон, Россия, Эрон ва бошқа давлатлардан 100 га яқин ҳунарманд амалий безак санъати, рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва архитектура каби йўналишлар бўйича ўз ижод намуналарини намойиш этди.
Кўргазмада Марказий Осиёдан ягона ҳунарманд, Ўзбекистон вакили — бухоролик таниқли кулол Алишер Нарзуллаев учун ажратилган павильондан миллий сополсозлик санъати маҳсулотлари — товоқ, кўза, пиёла, коса ва бошқа жиҳозлар ўрин олди. Миллий буюмлар хорижлик иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Амалий безак санъати йўналиши қатнашчилари орасида Ўзбекистоннинг маҳорат билан ишланган сопол буюмлари, уларда миллий анъаналар устуворлиги, ранглар уйғунлиги, нақшларнинг ғоят сержило ва нафислиги ҳакамлар ҳайъати томонидан юксак баҳоланди. Алишер Нарзуллаев бош мукофот — Гран-при билан тақдирланди.
Ғиждувонда бир пайтлар машҳур бўлган сополсоз уста Ибодулла Нарзуллаевнинг фарзанди Алишер сулоланинг олтинчи авлод вакили сифатида кулолчилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. У Президент соврини учун ўтказиб келинаётган «Ташаббус» кўрик-танловида ғалаба қозонган. Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси халқ устаси» фахрий унвони билан тақдирланган.
Сополсозликда ўз йўли ва услубини яратган ҳунарманд Япония, АҚШ, Франция, Германия ва бошқа мамлакатларда ўтказилган нуфузли кўргазмаларда ўз асарлари билан иштирок этиб, мунтазам совриндорлар қаторидан жой олган.
Ғиждувонда Нарзуллаевлар оиласи томонидан сополчилик ҳақида ҳикоя қилувчи музей ташкил этилган.
Изоҳ (0)