Ироқ пойтахтида содир этилган кетма-кет портлашлар натижасида шанба куни 30 киши ҳалок бўлди ва яна 45 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Sky News Arabia телеканали берган маълумотларга таянган ҳолда ТАСС хабар бермоқда.
Маълумотларга қараганда, Бағдоднинг асосан шиалар истиқомат қилувчи Ал Козимий туманида мина ўрнатилган икки автомобиль портлаб кетган. Фожиа юз берган жой хавфсизлик хизмати томонидан қуршаб олинди, жароҳатланганлар тез ёрдам машиналарида олиб кетилди.
Шанба куни аввалроқ, Бағдод шимолида жойлашган Ат-Тармия туманида кучли портлаш натижасида 11 киши ҳалок бўлди, 26 киши жароҳатланди. Хабар қилинишича, худкуш террорчи дам олиш куни юзлаб тинч аҳоли тўпланган бозор майдонида ўзини портлатиб юборган. Жабрланганларнинг барчаси касалхонага жўнатилган.
Ироқдаги тугамаётган зўравонлик натижасида сентябрь ойидан буён 1100 дан зиёд киши ҳалок бўлди ва яна 1946 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Ироққа ёрдам кўрсатиш бўйича БМТ миссияси баёнот берди. Унга кўра, хавфсизлик бўйича энг ёмон вазият мамлакат пойтахти, Бағдодда кузатилмоқда. У ерда 352 киши ҳалок бўлган ва 983 киши жабрланган. Кейинги ўринда Салоҳ ад Дин провинцияси жойлашди, у ерда 298 киши зўравонлик қурбони бўлган ва 383 киши жароҳатланган.
Изоҳ (0)