Тошкент шаҳрида 8 октябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар бош прокурорларининг ўн иккинчи мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси ва Тожикистон Республикаси бош прокурорлари ҳамда прокуратура органлари раҳбарлари иштирок этди.Тадбирда ШҲТда кузатувчи мақомига эга Ҳиндистон Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Мўғулистон вакиллари, шунингдек, ШҲТ Бош котиби Дмитрий Мезенсев, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Чжан Синфен қатнашди.
Мажлис Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашитжон Қодиров раислигида ўтди. Унда бош прокурорларнинг йиллик мажлиси ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг халқаро терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа хавфли кўринишларига қарши кураш соҳасида ҳуқуқий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга доир қарорларини амалга оширишнинг самарали механизми экани таъкидланди. Навбатдаги мажлис бу соҳадаги қўшма қарорларнинг ижроси билан боғлиқ жарайонларнинг давоми бўлди.
Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари муҳокама этилди.
Мажлис иштирокчилари ШҲТга аъзо давлатлар прокуратура органлари томонидан тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, табиатни муҳофаза қилиш соҳаларидаги қонунчилик ижроси устидан назоратни амалга ошириш масалалари бўйича ахборот алмашди. Шунингдек, жиноий йўл билан топилган даромадларни аниқлаш, мусодара қилиш ва уларни тегишли давлатларга қайтариш юзасидан ташкилотга аъзо давлатларнинг қонунчилик ҳужжатлари ва амалиёти таҳлилининг натижалари ҳам муҳокама этилди.
Мажлис якунида ШҲТга аъзо давлатлар делегация раҳбарлари томонидан тегишли Протокол имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси ва Мўғулистон Бош прокуратуралари делегацияларининг икки томонлама учрашувларида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланди.
Изоҳ (0)