Бугун, 13 декбар куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда деновлик Дилором Йўлдошевага “Мардлик” ордени тантанали топширилди.
Таҳлиллар кўрсатганидек, баъзи ногиронлиги бор инсонларда психологик босимлар сабабли ўзига бўлган ишонч етишмайди. Лекин ўзида куч топиб, оғир вазиятдан чиқиб, қаҳрамонлик кўрсатаётган одамлар ҳам кўплиги таъкидланди.
Президент дунёнинг энг руҳлантирувчи Топ-100 аёли рўйхатига кирган деновлик Дилором Йўлдошеванинг ишларини эътироф этди. Бу аёл ногиронлиги бор бўлса-да, тикув корхонасини очиб, 40 нафар камбағал хотин-қизларни ишли қилган.
Мана шундай иродали, матонатли инсонларни ҳаммага ўрнак қилиб кўрсацак, улар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, деди давлат раҳбари.
Келгуси йилда бундай инсонлар ҳақида камида 5 та мотивацион ҳужжатли ва бадиий фильмлар суратга олиш муҳимлиги таъкидланди. Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юклатилди.
Изоҳ (0)