КХДР Корея яриморолини ядро қуролидан ҳоли қилиш бўйича олти томонлама музокараларни давом эттиришга тайёр, бироқ АҚШ ва Жанубий Кореянинг биргаликдаги манёврлари олдидан ҳушёрликни йўқотишни истамайди. Бу ҳақда Шимолий Кореянинг БМТ Европа бўлинмаси ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Пон Со Се Reuters агентлигига берган интервьюсида маълум қилган, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Биз олти томонлама музокараларга тайёрмиз. Билишимизча, Россия ва Хитой ҳам тайёр. Бироқ АҚШ ҳозир бундай музокараларни хушламаяпти. Шу сабабли ҳам Япония ва Жанубий Корея музокараларга тайёр эмас», − деди КХДР вакили. Шунингдек, у АҚШ ва Жанубий Кореянинг биргаликдаги манёврларига эҳтиёт бўлиш кераклигини, Пхенян ядро синовлари ўтказишни режалаштирмаётганини, бироқ агар манёврлар доимий амалга оширилса синовлар ўтказишга мажбур бўлишини ҳам айтиб ўтган.
Россия, АҚШ, Хитой, Япония ҳамда иккала Корея ўртасидаги олти томонлама музокаралар 2009 йилда КХДР ташаббуси билан тўхтатилган. Шундан кейин Шимолий Корея бир неча марта музокараларни янгилашга тайёрлигини билдирган, бироқ АҚШ, Япония ва Жанубий Корея музокараларни қайта бошлаш учун асос кўрмаётганини таъкидлаб келади.
Изоҳ (0)