Россия Ички ишлар вазирлиги ички қўшинлари полковниги ўқув машғулотлари давомида аскарни граната портлашидан тўсиб қолди. Свердловск вилоятининг Лесной шаҳридаги 3275-ҳарбий қисмда содир бўлган ҳодиса ҳақида вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳарбий қисмда ўтказилган жанговар граната отиш машғулотларига полковник Серик Султангабиев раҳбарлик қилган. Дарс давомида ҳарбий хизматчилардан бири жанговар ҳолатга келтириб бўлинган гранатани оёғи остига тушириб юборган. «Бундай кескин вазиятда офицер ўзини йўқотиб қўймади. У аскарни четга суриб юборди ва гранатани ўз танаси билан ёпди. Портлаш натижасида аскарга ҳеч нима бўлмаган, уни қутқарган офицер эса оғир жароҳат олган», − дейилади хабарда.
Айни пайтда Султангабиев Лесной шаҳридаги ҳудудий тиббиёт-санитария қисмида жарроҳлик операциясини бошидан ўтказмоқда. Урал минтақавий қўмондонлиги раҳбарияти топшириғи билан Леснойга Екатеринбургдан мина портлашидан орттирилган жароҳатларни операция қилишда тажрибаси бўлган жарроҳлар жўнатилган.
Изоҳ (0)