Миллий авиакомпания Маъмуриятида «Боинг» корпорацияси мутахассислари иштирокида «Boeing-787 Dreamliner самолётидан фойдаланишни бошлаш» мавзусида семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси ахборот хизматига таяниб, Anons.uz хабар бермоқда.
Boeing компаниясининг савдо-сотиқ бўйича минтақавий директори Д. Л. Миллер ўз тақдимотида 2016 йил миллий авиакомпания паркини бойитадиган «Боинг-787 Дримлайнер» самолётининг имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Самолёт Ўзбекистонга келгунига қадар авиакомпаниянинг учувчи, муҳандис ва бошқа мутахассислардан иборат таркиби мазкур ҳаво кемасидан фойдаланиш бўйича барча маълумотларга эга бўлиши керак. Шуни инобатга олган ҳолда ўтказилган тадбир «орзу лайнери»ни ўрганиш томон ташланган навбатдаги қадам бўлди.
Семинарда Учиш мажмуаси ходимлари — учувчилар таркиби ва борт ходимлари, Uzbekistan Airways Technics авиамуассасаси, «Тошкент» аэропорти, Ахборот технологиялари бошқармаси ходимлари иштирок этиб, ўз соҳаси бўйича берган саволларига тўлиқ жавоб олди.
Ўзбекистондаги «Боинг» компанияси вакили А. Орник «Боинг-787 Дримлайнер»дан фойдаланишни бошлаш ҳақида барча керакли маълумотларни тақдим этди.
Изоҳ (0)