АҚШ президенти Барак Обама 3000 нафар ҳарбийни Ғарбий Африкага Эбола вирусига қарши курашиш учун жўнатади. Вашингтон, шунингдек, тиббий ходим тайёрлаш ва Африка мамлакатларида гигиена қоидаларига риоя қилиш бўйича катта лойиҳани йўлга қўймоқда, деб хабар бермоқда «Интерфакс».
Америка етакчиси АҚШдаги Атланта шаҳрида жойлашган касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича марказга ташриф буюриб, соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарлари билан учрашади ва Эбола безгаги билан боғлиқ вазиятлар ҳақида баёнот беради.
Пентагон берган ахборотга кўра, ҳарбийларни жўнатиш ва тиббий ходимларни ўқитиш учун мўлжалланган 17 марказни қуриш учун 500 миллион доллар ажратилади.
Оқ уйнинг маълум қилишича, ҳозирга қадар Эбола эпидемияси 2,4 минг кишининг умрига зомин бўлган.
Маълумот учун, Эбола безгаги Ғарбий Африкада февраль ойида авж олиб кетди. Ҳалигача унга қарши самарали вакцина яратилмади. Эпидемия қон, турли ажралма (тер, йиринг каби)лар, шунингдек, беморнинг заҳарланган буюмлари орқали юқиб, ўлимга олиб келиши мумкин.
Изоҳ (0)