Испаниянинг Аликанте провинциясидаги Гуардамар-дель-Сегура шаҳрида маҳаллий қабристонлардан бирининг ходими вақтинчалик ишдан четлатилди. Бунга унинг 23 йил аввал дафн этилган мурдани ковлаб олиб, у билан бирга суратга тушгани сабаб бўлди. Ушбу расм интернетда тарқалиб кетди, деб ёзади The Local.
Таъкидлаш жоиз, жасадни ковлаб олиш ҳақида марҳумнинг қариндошлари илтимос қилган. Улар оилавий қабрга унинг яқинда вафот этган рафиқасини ҳам дафн қилмоқчи бўлган. Илтимосни бажаришдан аввал гўрков яхши сақланган жасад билан суратга тушишга қарор қилган.
Унинг айтишича, бу ғоя унинг ўзига эмас, мозорга келган марҳумнинг жиянларига тегишлидир. Уларга бундай расмнинг нима учун керак бўлгани номаълум.
Марҳум испаннинг жиянлари суратни ўз дўстлари билан бўлишганидан кейин у интернет бўйлаб тарқалиб кетди. Бундан хабар топган қабристон раҳбарияти гўрковни ўз ишидан четлатди. У жасадни масхара қилиш нияти бўлмаганини таъкидлади. Унинг бошлиғи ҳам шу фикрда. «У оқкўнгиллиги учун бундай ғалати илтимосни бажо келтирган», — дейишди қабристон маъмуриятидагилар.
Изоҳ (0)