Тошкент Халқаро Вестминстер университети (ТХВУ) таълим бериш хизматини «Электрон инжиниринг» бакалавр дастури ҳамда «Молия», «Халқаро иқтисод», «Бизнес таҳлили», «Таълим менежменти» ва «Инглиз тилини ўқитиш методикаси» магистрлик дастурлари билан кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда UzReport ахборот агентлиги хабар бермоқда.
ОТМнинг расмий сайтида «Халқаро бизнес ва менежмент» ҳамда «Халқаро тижорий ҳуқуқ» магистрлик дастурлари жорий йилда ҳам мавжудлиги маълум қилинган.
Бундан ташқари, университет педагоглар малака ошириши учун бир йиллик курсни ҳам тақдим этади. Курс орқали ўқитувчилар таълим соҳасидаги замонавий стандартлар ва дарс бериш борасида ўтказилган тадқиқотлар натижалари билан танишиш имконига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ мазкур муассасада таълим олиш учун белгиланган нарх икки йилдан буён оширилмаётгани ҳақида хабар берилган.
Маълумот учун, Тошкент Халқаро Вестминстер университети ўз фаолиятини 2002 йил январдан бери юритиб келаётган бўлиб, у Ўзбекистонда очилган биринчи халқаро университет ҳисобланади.
Изоҳ (0)