2014 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга имзо чекди. Мазкур ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳам қатор янгиликлар киритилди, деб хабар бермоқда Xushnudbek.uz.
Жумладан, Жиноят кодексининг «Дастлабки қамоқ вақтини ҳисобга олиш қоидалари» деб номланган 62-моддасига ўзгартиш киритилди.
Дастлабки қамоқ деганда суд ҳукми чиққунга қадар дастлабки тергов ҳамда суд муҳокамаси вақтида шахсни қамоқда ушлаб туриш тушунилади.
Ўрнатилган тартиб-қоидага кўра, суд айбдор дея топилган шахсга жазо тайинлаётган вақтда ҳукм эълон қилингунгача шахс қамоқда ушлаб турилган бўлса, ўша муддатни умумий жазодан айириб ташлаши лозим.
Эндиликда мазкур қоидага жарима жазоси тайинлаётганда дастлабки қамоқ муддатини ҳисоблаш билан боғлиқ қоида ҳам киритилди. Унга кўра, суд қамоқда сақланган шахсга жарима тайинлашда қамоқда сақланган ҳар бир кунини энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисмига тенглаштириб ҳисоблаши белгиланди.
Масалан, ҳукмгача бир ой қамоқда сақланган шахсга энг кам ойлик иш ҳақининг юз баравари миқдорида жарима жазоси белгиланди. Шунда у жариманинг барчасини тўламайди. Унинг қамоқда ўтирган муддати жаримадан айириб ташланади.
Изоҳ (0)