Компьютер хавфсизлиги бўйича мутахассислар хакерларнинг сирлари, хусусан, уларнинг қанча ишлаб топишларини фош қилди. Бу ҳақда «Вести» хабар бермоқда.
«Касперский лабораторияси» мутахассислари кенг тарқалган хакерлик ишлари келтирадиган фойдани ҳисоблаб чиқди. Маълум бўлишича, хакерлар ҳужумни ташкиллаштиришга кетадиган маблағдан 20 баробар кўпроқ даромад ишлаб топиши мумкин.
Жумладан, машҳур ижтимоий тармоқлардан бирининг фишинг (сохта) саҳифасини яратиш ва спам-жўнатмаларни ташкиллаштириш ўртача 150 АҚШ доллари атрофидаги маблағни талаб қилади. Агар мазкур қармоққа 100 киши илинса, хакерлар уларнинг шахсий маълумотлари — телефон рақамлар, шахсий суратлар ва ёзишмаларни сотиш орқали камида 10 минг доллар ишлаб олиши мумкин.
Мобил троян-блокловчи дастур ва унинг тарқалиши учун ўртача 1000 доллар ажратилиши керак. Бунда хакерларга, мисол учун 100 кишининг блокланиб қолган смартфонларини очиб бериш (10 — 200 доллар) жами 20 минг доллар даромад келтиради.
Худди шундай маблағни шифрлаш дастурлари орқали ҳам ишлаб топиш мумкин. Бироқ улар камида икки баробар кўпроқ маблағ — 2000 доллар талаб қилади. Мазкур дастурлардан фойдаланиб хакерлик ҳужумини амалга ошириш фойдаланувчиларга анча қимматга тушади. Негаки, маълумотларни шифрдан чиқариш учун улар хакерларга ўртача 100 доллар тўлаши керак.
Фирибгарлар фойдаланувчилар пулининг ортидан қувадиган банк троянларини ишга солиш орқали янада кўпроқ даромад топиши мумкин. Кибержиноятчилар эксплойт ва ўзининг махсус спам-жўнатмаси билан биргаликда сотиладиган бундай дастурга 3000 доллар атрофида пул сарфлаб, 72 минг долларгача бўлган маблағни қўлга киритиши мумкин. Бунда бир фойдаланувчи ўртача 722 доллар миқдорида жабр кўради.
«Зарар етказувчи дастурни сотиб олиш бугун катта муаммо эмас: уларни турли хакерлик форумларида топиш мумкин. Дастурлар нархининг арзонлиги эса улардан фойдаланиш имконини кенгайтиради. Бундан ташқари, бундай йўлни танлаган кибержиноятчилардан профессионал бўлиш ҳам талаб этилмайди: улар белгиланган нархга ҳужумни амалга ошириш учун дастурларнинг тайёр пакетини харид қилиши мумкин. Бундай вазиятда фойдаланувчилардан қимматли маълумотлар ва пулни бой бермаслик учун огоҳ бўлиш талаб этилади. Бундан ташқари, фойдаланувчилар ўзининг қурилмасини ва у орқали интернетда олиб бориладиган барча ҳаракатларини кимгадир ишонишда янада эътиборлироқ бўлишлари керак», — дейди «Касперский лабораторияси»нинг вирусга қарши курашувчи бош мутахассиси Александр Гостев.
Изоҳ (0)