Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилган II ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, тўртта олтин, учта кумуш ва учта бронза медалга сазовор бўлган спортчилар 29 август куни Ўзбекистонга қайтиб келди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси.
Тошкент халқаро аэропортига 204 давлат вакиллари қатнашган мазкур йирик спорт мусобақасида муваффақиятли иштирок этган ўзбекистонлик ёш спортчиларни муносиб кутиб олиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, олимпиадачиларнинг ота-оналари, журналистлар пешвоз чиқди.
«Олимпиадада юқори натижаларни қўлга киритиб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтиб келганимиздан бахтиёрмиз. Спортни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишимиз, халқаро майдонларда юксак ғалабаларга эришишга қодир спортчи бўлиб вояга етишимизга қаратаётган доимий эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз. Биз олимпиада ўйинларида бир жамоа бўлиб ҳаракат қилдик ва ўз мақсадимизга эришдик», — дейди бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпиони, II ўсмирлар Олимпиада ўйинлари ғолиби Бектемир Мелиқўзиев.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икромов ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов сўзга чиқди.
Эслатиб ўтамиз, Нанкин Олимпиадасида боксчи Бектемир Мелиқўзиев, юнон-рум кураши устаси Илҳом Баҳромов, дзюдочи Суҳроб Турсунов ва ўқ отиш баҳсларида қатнашган Владимир Свечников шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Изоҳ (0)