Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов ўзининг футболга кириб келган ва майдонда тўп сурган вақтлари билан боғлиқ хотираларини ёдга олди. Бу ҳақда Uff.uz хабар бермоқда.
1979 йилги фалокат
1979 йилнинг ёзи эди. Мен вақтимни ўзим тенги болалар билан кўча чангитиб, тўп тепиб ўтказардим. Ҳали футболга қатнамасдим, ёзги таътилни ҳамма қатори кўчада ўтказардим. Ўшанда автоҳалокатга учраганман. Машина ғилдираги мендан қандайдир сантиметрлар нарида тўхтаган. Касалхонага беҳуш ҳолатда келтиришган. Ўшанда Худо мени бир сақлаган эди...
Кейинчалик, эсимни таниганимдан сўнг «Пахтакор» ҳам ўша йилда, ўша ёзда ҳалокатга учрагани ҳақида кўп ўйлаганман. Бу воқеалик ўртасида боғлиқлик бор демайман, аммо билганим шуки, мени Худо ота-онамга худди ўша вақтда қайтариб берган. Ҳаммаси Яратганнинг иродаси билан бўлади. Ўша осмонда портлаб кетган йигитлар ўрнига майдонга тушганимда, уларга муносиб бўлишга ҳаракат қилардим...
Европа ва жаҳон чемпиони
Собиқ иттифоқ даврида «Юность», «Надежда» деб аталадиган болалар мусобақалари бўларди. Мана шу мусобақаларда мен ҳам қатнашганман. 1984 йилда шаҳар биринчилигида ғолиб чиққанимиздан сўнг, республика даражасида ҳам ғалаба қозондик. Шундан сўнг, Воронеж шаҳрида бўлиб ўтган собиқ иттифоқ чемпионатида ўйнадик. Ўша мусобақада ўсмирлар терма жамоаси мураббийлари эътиборига тушганман. Терма жамоага даъвогарлар сони жуда кўп эди. Ҳар сафарги йиғинда 45-50 нафар футболчи иштирок этарди. Ҳар сафар шунча бола орасидан чиқишга тўғри келарди. Тинмай ишлардик, бола бошимиздан рақобат қандай бўлишини ўшанда билганмиз.
Кейин ўсмирлар терма жамоаси таркибида Европа чемпионатида ғолиб чиқдик. Кўп ўтмай, жаҳон чемпионатида ҳам ғалабага эришдик. Шундан сўнг, мени 1969 йилда туғилган футболчилардан иборат терма жамоага таклиф этишди. Бу терма жамоа билан ҳам муваффақиятли ўйнадик. Аммо Саудия Арабистонида ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати биз учун кўнгилсиз якунланди. Чорак финалда Нигерия терма жамоасини 4:0 ҳисобида енгиб турган эдик. Ўша мусобақада биз фаворит ҳисобланардик, ғолиб чиқишга асосий даъвогар эдик. Аммо ўйин тугашига 20 дақиқа қолганида ҳаммаси барбод бўлди. Нигерияликлар кетма-кет тўртта гол киритди ва пенальтилар сериясида биз мағлубиятга учрадик. Бундан ортиқ алам бўлмаса керак.
Бунинг устига ўйиндан кейин турли гап-сўзлар бошланиб кетди. Бизни турли нарсаларда айблашди. Ўшанда жуда қаттиқ сиқилганман. Аҳвол шу даражагача бордики, сиқилаверганимдан мазам қочиб, касалхонага тушиб қолдим. Анча вақт даволанишга тўғри келди. Футбол инсонга ҳам катта бахт, ҳам катта дард бериши мумкинлигини ўшанда биринчи марта билганман.
Хиросима — 1994
Давлатимиз мустақилликка эришгандан сўнг, биз — спортчилар ҳам катта имкониятга эга бўлдик. Ўзбекистон терма жамоасида ўйнай бошладик. Бунақа имкониятни илгари фақат орзу қилишимиз мумкин эди. Энди биз ўз юртимиз шарафини ҳимоя қилардик. Бунинг роҳатини, лаззатини майдонга тушиб кўрган билади. Шунга монанд, илк йирик халқаро мусобақа — Хиросима ўйинларида ғалабага эришдик.
Яқинда сингапурлик аллақандай букмекер ўша мусобақа ҳақида айтган турли гапларни эшитдим. Тўлиқ эмас, бир учини эшитдим, холос. Аммо шу ҳам етарли бўлди. Ҳаммаси бекор гап. Хитой ўлиб-тирилиб финалга чиқар экан-да, кейин ўйинни осонгина букмекерларга бериб юборар эканми? Бекор гап. Ўша ўйинда хитойликлар майдонга «ўлигини» ҳам, «тиригини» ҳам ташлаганди. Учрашув шунчалик оғир ўтгандики, тугаши билан ҳолдан тойиб, ерга йиқилган эдим. Бу ғалабанинг баҳоси анча оғир бўлган, футболчиларда гапиришга ҳам мажол қолмаганди.
Ўйин тугагач, Шуҳрат Мақсудов байроғимизни кўтариб югургани ёдингизда бўлса керак. Мен шунчалик чарчаган эдимки, ўша вазиятни ҳам ерда ётган ҳолатда кўрганман. Ўшанда байрам қилишга ҳам мажол қолмаганди. Қаердаги букмекер бўлса, хитойликлар атайлаб ютқазганини ёзади.
Ўша букмекерлар ҳам майдонга тушиб, 90 дақиқа Хитойнинг босимига қарши туриб берганда кўрардим, ўйин қандай келишилишини...
Жароҳат
1996 йилда оғир жароҳатга учрадим. Умуртқамда «чурра» (грижа) бор экан, бир кунда ҳаммаси ўзгариб кетди.
Ўшанда «Алания» билан «Ростов»га қарши ўйин ўтказиб, 3:2 ҳисобида ғалабага эришган эдик. Санаси ҳам эсимда, 17 август эди. Учрашувдан сўнг, уйга яхши кайфиятда қайтдим. Ҳар доимгидек кечки овқатга бутун оиламиз билан ўтирдик. Кайфият жуда яхши эди. Боз устига қўшним ҳам чиққан, у билан кулишиб, суҳбатлашиб ўтирдик. Ҳаммаси яхши эди, аммо овқатдан сўнг ўрнимдан қўзғалмоқчи бўлганимда, оёқларимни қимирлата олмай қолдим. Бирдан кучли оғриқ қайта жойимга букиб қўйди. Соппа-соғ ўтирган одам бирпасда ярим жонга айландим, қолдим.
Ўша вақтдаги ҳолатимни ҳозир сўз билан етказиб бера олмайман. Футболчи учун жароҳатдан даҳшатлироқ нарса бўлмайди. Сал қолса ўшандаёқ фаолиятимни якунлашим мумкин эди. Бахтимга Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарияти ёрдам берди. Мени даволаш учун Германияга юборишди. Аммо Осиё Кубогини ўтказиб юборишимга тўғри келди. Жуда алам қилди.
Кутилмаганда Германияда ҳам муаммо юзага келди. Жарроҳлар мендан операция яхши чиқмаган тақдирда, уларга ҳеч қандай даъвом йўқлиги ҳақида ҳужжатга имзо чекишни талаб қилди. Умуртқа поғонасида сочдан ҳам нозикроқ асаб толаси бўлар экан. Ўша тола бироз шикастланса, оёқ ёки қўл ишламай қоларкан. Мен имзо чекишдан бош тортдим, ахир футболчиман! Аммо жарроҳлар бусиз операция қилинмаслигини айтди. Аллоҳга таваккал қилдим, операцияга рози бўлдим. Ўшанда рафиқам операциядан сўнг ўзимга келгунимча тепамда турган. Германияга турмуш ўртоғим ва ўғлим Миржамолни ҳам олиб кетгандим. Миржамол ўшанда энди юра бошлаганди.
Яратганга шукр, операция яхши ўтди. Рафиқамнинг айтишича, кўзимни очишим билан оёқларимни қимирлатиб кўрган эканман. Сўнгра: «Худога шукр, яна футбол ўйнарканман», дебман. «Яна юриб кетаман» эмас, «футбол ўйнайман», деганман. Шунақа! Футболга бир кирган одам, ундан чиқиб кета олмайди...
Ўшанда операция муваффақиятли ўтган бўлса ҳам, «чурра» деганлари жуда ёмон бўларкан. Ҳозир ҳам унинг асоратлари қолган. Баъзан кечалари даҳшатли оғрийди, ухлай олмай чиқаман. Илож йўқ, чидашга тўғри келади. Бу оғриқлар менга футболдан эсдалик бўлиб қолган. Баъзан муҳим ўйинлар бўлганда, укол олиб ҳам ўйнашга тўғри келарди. Ахир терма жамоа ҳар куни муҳим ўйин ўтказавермайди-ку, майдонга тушиш эса керак. Ўша уколларнинг асорати эса қоларкан.
«Алания»
Фаолиятимдаги энг ёрқин дамлар «Алания» билан боғлиқ. Бу клубдан кўп ёқимли эсдаликлар қолган. У ердаги саргузаштларимдан бутун бошли китоб қилса бўлади. Осетинлар анча қизиққон халқ бўлади, футболни жуда яхши кўради. Владикавказда бўлган икки воқеа ёдимда қолиб кетган.
Клубга энди борган вақтларимиз эди. «Пахтакор»дан мен, Генаддий Денисов ва Игор Шквирин билан бирга йўл олганмиз. Бироз вақт ўтгач, Игор бошқа жамоага ўтиб кетди ва биз Денисов билан Владикавказда қолдик.
Клуб базасида яшардик. Бир сафар Генаддий билан ош егимиз келиб қолди. Мен тахминан ош қандай дамланишини билардим, қолганига Ўзбекистонга телефон қилиб, «инструксия» олиб туришга қарор қилдик. Шу мақсадда бозорга йўл олдик. Бозор-ўчар зўр бўлди, иккимизнинг ҳам қўлимиз тўла нарса, фақат гўшт олиш қолди. Биргалашиб гўшт сотиладиган павильонга йўл олдик. Аммо... қарасак, павильон ёпиқ. Дарвозасига қоғоз ёпиштириб, «печатлаб» қўйишибди. Билсак, санитария куни экан, «печат» эса «санепидемстанция»ники.
Бош қотиб қолди. Гўшциз ош — ош эмас, буни яхши биласиз. Бироз ўйланиб тургач, Денисовга: «Ви здес постойте, я посмотрю, может что-нибуд найду», дея павильоннинг орқа томонига ўтдим. Борсам, эшик катта очиқ турибди. Таваккал қилиб ичкарига кирдим. Қоронғу йўлак, ҳеч ким йўқ. Сал юрганимдан кейин залга чиқдим, у ерда оқ халат кийган, савлатидан от ҳуркадиган бир аёл ўтирган экан. Дарров «кто такой?» деб дўқ уриб қолди. «Мясо хотел купит» дедим. «Ти сам кто такой?», — деди яна. «Футболист, из Uzbekistanа. V ‘Алании’ играю» дедим. Аёл дарров ўзгарди. Ўшанда бу аёл мени қаердан ҳам танирди, деб ўйлагандим. У эса дарров: «Касимов что-ли?» деб сўраб қолди. Ҳайрон қолдим. Осетинларнинг ҳатто аёллари ҳам футболчиларни номма-ном билар экан.
Бунинг яхши томони эса шундаки, ишимиз тез пишди. Тезда ўзимизга керакли паловбоп лаҳм гўшт ҳам топилди, «СЕС»нинг бошлиғи билан ҳам яхшилаб танишиб олдик. Кейинчалик, оиламни кўчириб келганимдан сўнг, у орқали рўзғорга керак бўладиган тансиқ маҳсулотларни олиб турардим. Қизиқ томони, у аёлнинг отаси бир неча йил Қашқадарёда ишлаган экан, ўзбекчани балодай билар экан. Бир сафар туғилган кунида уйига борганман, отаси билан анча суҳбатлашганмиз.
Яна бир қизиқ воқеа эса кийим дўконида бўлган. Ўзимга кийим олиш учун дўконга кирсам, сотувчи аёл киши экан. Мени дарҳол таниди, аммо бундай ҳолатларга аллақачон кўникиб бўлгандим. Таниса, танир, нима қилибди? Аммо қизиғи кейин бошланди. Танлаган кийимларимни олиб, нархини сўраганимни биламан: «Ол, шундайлигича олавер, пулинг керакмас. Фақат ютиб турсанг бўлгани. ‘Алания’ ютқазса, эрим уйда жанжал қилади. Сенга совға берганимни эшица, кайфияти кўтарилади. Пулинг керакмас, фақат ютиб турсанг бўлгани. Эрим уйга хурсанд ҳолда келишини хоҳлайман», — деса бўладими? Нима қилишни билмай қолдим. Қандай қилиб текинга оламан ахир, бунақаси бизга — ўзбекларга тўғри келмайди. Пулни бердим. Кейинги ўйинда албатта гол уришга ва имкон қадар ғалаба қозонишга ҳам ваъда бердим.
Ваъдамни бажардим, гол урдим. Жамоамиз ҳам ғалаба қозонди. Ўша аёлнинг уйида ҳам байрам бўлгандир. Осетинлар учун ‘Алания’ ғалаба қозонган кун ҳар доим байрам бўлар эди...
Миржалол Қосимовнинг ички кечинмалари, тайёргарлик жараёни ва Осиё ўйинлари ҳақидаги фикрлари эртага эълон қилинади.
Изоҳ (0)