Snapchat суратли хабарлар юбориш дастурининг қиймати 10 миллиард доллар деб баҳоланди. Бу ҳақда Phonearena.com сайти маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
2011 йилнинг сентябрида Стенфорд университети талабалари Эван Шпигель ҳамда Жонатан Мей томонидан тақдим этилган Snapchat дастури 2013 йилнинг июнь ойи якунларига кўра 800 миллион долларга баҳоланган.
2013 йилнинг охирига келиб ушбу компаниянинг баҳоси 2 миллиард доллар дея қайд этилган. Ўша пайтда Google компанияси ушбу дастурни 4 миллиард долларга, Facebook эса 3 миллиард долларга сотиб олиш истагини билдирган. Бироқ, Эван Шпигель ўшанда тўғри қарор қабул қилган ва бугунги кунга келиб, дастурнинг қиймати 10 миллиард долларга етди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ талабалари Facebook’дан кўра Snapchatдан етти баробар кўпроқ фойдаланади. 18–34 ёшлиларнинг 32,9 фоизи Snapchat дастурини ишлатади. Бу борада Snapchat дастури Facebook’нинг 75,6 фоиз ҳамда Instagram’нинг 43,1 фоиз натижаларидан кейинги учинчи ўринни банд этиб турибди.
Изоҳ (0)