Ҳиндистон фильмларига сертификат бериш марказий бошқармаси мамлакатда собиқ Бош вазир Индира Гандининг ўлдирилгани билан боғлиқ фильм намойишини тақиқлади. Мазкур қарор жамият тартибига солинаётган хавфдан келиб чиқиб, қабул қилинди. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.
Танқидчиларнинг фикрича, режиссёр Равиндер Равининг «Жамият жавоҳирлари» (Kaum De Heere) кинофильми Гандининг қотилларини мақтайди. Бу эса аҳоли ўртасида норозилик туғдириши мумкин.
Маълумот учун, ҳиндистонлик сиёсатчи 1984 йил 31 октябрь куни ўз даргоҳида ҳукумат раҳбари мудофааси билан шуғулланувчи полиция ходимлари Сатвант Сингх ва Беант Сингх томонидан ўлдирилган. Улар қотилликни Гандининг Амрицардаги Олтин ибодатхонага қўшин жўнатиш тўғрисидаги қароридан сўнг амалга оширган. У ерга жойлашиб олган жангарилар Панжоб штатини Ҳиндистондан ажратишни талаб қилаётган эди.
Бош вазир ўлимидан сўнг мамлакатда бошланган тартибсизликлар натижасида минглаб киши ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)