Франция пойтахти Парижда Саудия Арабистони шаҳзодаси кетаётган кортежга қуролли ҳужум уюштирилди. Уни амалга оширганлар 250 минг еврони ўғирлаб, шаҳзодадан автомобилни тортиб олган. Полиция Саудия Арабистонининг айнан қайси қироллик оиласи вакилини тунашгани ҳақида маълумот бермади. Бу ҳақда BFM-TV ахборот телеканалига таяниб, ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.
Телеканалда намойиш этилишича, воқеа шаҳарга киришда содир бўлган. Автоматлар билан қуролланган бир неча киши Саудия Арабистони элчихонасига қарашли автомобилга ҳужум қилган. Улар пул ва автомобилдан ташқари, дипломатик миссия ҳужжатлари ва шаҳзоданинг шахсий буюмларини ҳам ўғирлаган.
Полициянинг маълум қилишича, ҳужум вақтида қурол ишлатилмаган, жабрланганлар йўқ. Жиноятчилар беркинишга муваффақ бўлган. Ҳозирда содир бўлган воқеа юзасидан тергов-қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Франция пойтахтини Руасси-Шарл де Голл ва Ле-Бурже аэропортлари билан боғлаб турувчи магистрал жойлашган Парижнинг шимолий ҳудудида бундай шов-шувга сабаб бўлган ўғрилик биринчи бор содир бўлмади. 2010 йил февралида ўша вақтдаги Киев мери Леонид Черновецкийнинг қизи Кристинани тунашган эди. Жиноятчи тиқилинчда қолиб кетган лимузинга ҳужум қилиб, Кристианинг 4,5 миллион еврога тенг қимматбаҳо буюмлари солинган сумкасини ўғирлаб, қочган эди.
Изоҳ (0)