Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Қирғизистон собиқ президенти Қурманбек Бакиев 2010 йил 7 апрелдаги оммавий қирғинни уюштиришга алоқадор деб топилди ва мол-мулки мусодара қилинган ҳолда умрбод қамоқ жазосига сиртдан ҳукм қилинди. Ҳукмни раислик қилувчи судья Дамир Онолбеков бугун Бишкекда ўқиб эшиттирди, деб ёзади Interfax.

Фото: ИТАР-ТАСС

Фото: ИТАР-ТАСС

Шунга ўхшаш айбловлар билан собиқ президентнинг укаси, Давлат қўриқлов хизмати собиқ раҳбари Жонибек Бакиев ҳам бир умрлик қамоққа маҳкум этилди. Унинг икки нафар собиқ ўринбосарлари Дониёр Дунганов ва Нурлан Темирбоевга 25 йилдан қамоқ жазоси тайинланди.

Аввалроқ Қурманбек Бакиев Буюк Британия фуқароси Шон Дейлига суиқасд ташкил қилишда айбланиб 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Ўшанда шунингдек, собиқ президентнинг укаси Жонибек Бакиевга бу иш бўйича мол-мулки мусодара қилинган ҳолда умрбод қамоқ жазоси тайинланганди. Собиқ Давлат раҳбарининг катта ўғли Марат Бакиев 20 йиллик колонияга, кичик ўғли Максим Бакиев умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилганди. Ҳар иккисининг ҳам мол-мулки мусодара қилинган.

Қурманбек Бакиев 2005–2010 йилларда президентлик қилган. 2010 йил апрель воқеаларида қўзғолончилар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги тўқнашувларда 80 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, яна 300 киши яраланган. Тўнтаришдан кейин президент Александр Лукашенко таклифи билан Белоруссияга кетган. Қирғизистон ҳукумати тепасига келган рақиблари Бакиевни топширишни талаб этишган, аммо Белоруссия уни Қирғизистонга топширишдан бош тортган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар