Англиядаги турк ресторанининг эгаси EuroMillions лотереясини ўйнаб, ютуқли чипта соҳиби бўлган эди. Фотиҳ Ўзкан исмли официант ютуқнинг ярмини талаб қилиб, судга мурожаат қилди ва уни қўлга киритди. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.
2012 йил январь ойида Йорк шаҳридаги Kapadokya турк ресторани ходими Фотиҳ Ўзкан тушига асосланиб, хўжайинини лотерея сотиб олишга ундайди. Ресторан эгаси Ҳаяти Кучуккойлу EuroMillions лотереясини сотиб олади ва бир миллион фунт (1,7 миллион доллар) ғолибига айланади.
Шундан сўнг Фотиҳ ресторан эгасидан пулнинг ярмини талаб қилади, бироқ Ҳаяти лотерея билетини бир ўзи сотиб олиб, рақамларни ҳам ҳеч кимнинг ёрдамисиз танлаганини айтади. Фотиҳ эса ютуқ чиқишини аввалдан ҳис қилгани ва тушида кўрганини таъкидлайди. Бироқ официант мақсадига эриша олмагач, полиция ходимлари ва ўйин ташкилотчиларига ютуқли чипта унга тегишли экани, хўжайини чиптани йигитнинг чўнтагидан ўғирлаб олганини айтади.
Ҳаяти Кучуккойлу ҳибсга олиниб, тўққиз соат мобайнида тергов қилинади. Тергов натижа бермагач, Фотиҳ Ўзкан ва унинг хўжайини судга мурожаат қилади. Суд жараёнида Фотиҳ ва Ҳаятининг чипта харид қилиш учун бирга боргани ва рақамларни иккови белгилагани аниқланди.
Узоқ давом этган суд жараёнидан сўнг Фотиҳ Ўзканнинг шикояти ўринли деб топилиб, ютилган маблағнинг ярми — 500 минг фунт (850 минг доллар) официантга берилиши ҳақида ҳукм чиқарилди.
Изоҳ (0)