16 июль, чоршанба куни Россия пойтахтида Москва метрополитенидаги ҳалокат қурбонлари хотирасига мотам эълон қилинди, дея хабар берди «РИА Новости».
Москва метросидаги ҳалокат жойида қутқарув ва тергов ишлари сешанба куни кечқурунга бориб тугади. Қайта тиклаш ишларига мутахассислар томонидан 30 соат ажратилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 22 тани ташкил қилди. 129 киши шифохоналарга етказилган, уларнинг 42 нафари оғир аҳволда, дея айтилмоқда.
Ижтимоий сиёсат бўйича бош вазир ўринбосари Олга Голодец сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар ичида Хитой ва Тожикистон фуқаролари ҳам бор. Жабрланганларни эса Россия фуқароларидан ташқари, Украина, Молдавия, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, 15 июль куни Москванинг «Славян сайилгоҳи» («Славянский булвар») — «Ғалаба боғи» («Парк Победи») метро йўналишида сигнализация тизимининг ишлаб кетиши натижасида ҳаракатланаётган поезд кескин тўхтаб, вагонлари релсдан чиқиб кетди. Тахминларга кўра, ушбу ҳодисага кучланишнинг сакраши сабаб бўлган.
Изоҳ (0)