Apple’нинг янги, диагонали 4,7 дюймли iPhone 6 экранини намойиш қилган видео ўткир пичоқ билан ҳам iPhone 6 экранини қириб бўлмасликни кўрсатиб берди. Бу ҳақда Mashable нашри хабар беради.
Ушбу видео YouTube фойдаланувчиси Маркус Браунли томонидан 7 июль, душанба куни юкланган бўлиб, унда янги смартфоннинг экрани пичоқ ва калит билан қириш каби «қийноқларга» дош бера олиши намойиш этилган.
«Қўлимдаги экран қалбаки эмас, балки Apple компанияси томонидан чиқариладиган iPhone 6 экранининг асл нусхаси», — дейди Браунли.
Браунли iPhone қисмларини смартфон сотувга чиқарилишидан аввал қўлга киритишга ёрдам берган Сонни Диксонга ташаккур айтади.
iPhone 6’нинг янги сапфир биллуридан ишланган экрани қоғоздек юпқа бўлишига қарамай, кучли босимга дош бера олади. Аввалроқ, сапфир биллурини Apple фақат iPhone 5s’нинг камерасига ишлатар эди.
Видеода янги экраннинг эгилувчанлигини ҳам кўриш мумкин. Эгилувчанликни тасвирлаш учун Браунли оёқ кийимининг босимидан фойдаланади.
Қайд этилишича, iPhone смартфонларининг янги авлодидан ҳеч қандай ҳимоя қилувчи қобиқларсиз фойдаланиш мумкин.
Изоҳ (0)