Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 26 июнь куни Фарғона вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Фарғона халқаро аэропортида қурилган янги бино вилоятдаги кенг кўламли бунёдкорлик ишларидан дарак беради. Президент ушбу бинони кўздан кечирар экан, уни янада кўркамлаштириш, йўловчиларга замонавий қулайлик яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Фарғона вилоятида 4 театр ва 14 музей, бой китоб фондига эга 1628 кутубхона ва ахборот-ресурс маркази фаолият кўрсатмоқда.
Вилоят марказида минг ўринли Санъат саройи қуриб битказилди. Сарой атрофидаги 40 гектар майдонга 10 минг туп манзарали дарахт экилиб, сўлим хиёбон барпо этилди. Мусиқали фавворалар иқлим мўътадиллигини таъминламоқда.
Президент мазкур Санъат саройида томошабинлар учун яратилган қулайликлар билан қизиқди.
Кенг ва ёруғ санъат кошонасининг эшик ва устунлари миллий услубда безатилган. Томоша залида томошабинлар учун барча зарур шароит ва қулайликлар яратилган. Саҳна атрофига замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилган.
Санъат саройига туташ ҳудудда муҳташам спорт кошонаси – Сув спорти мажмуаси бунёд этилган. Сув ҳавзаси, машғулот ва тренажёр залларига эга мазкур мажмуада болалар сузиш, синхрон сузиш, сув полоси каби спорт турлари билан шуғулланади.
Президент бу ерда машғулот ўтаётган болалар билан суҳбатлашди. Уларнинг ўқиши, келажакдаги режалари билан қизиқди ҳамда болаларга спорт анжомлари совға қилди.
«Фарғона шаҳрининг қиёфаси қисқа муддатда бутунлай ўзгарибди, – деди давлат раҳбари. – Шаҳарнинг бош режаси устида ишлашда, бино ва йўллар қуришда узоқ истиқболни ўйлаб иш юритиш лозим. Айланма ҳалқа йўлини барпо этиш, кўп тасмали магистрал йўлларни қуриш, коммуникацияларни ривожлантириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтириш, замонавий иншоотлар барпо этиш керак».
Фарғона шаҳрида бунёд этилган 20 минг ўринли стадион ўзининг ноёб меъморий ва муҳандислик ечими, бетакрор дизайни билан шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда.
Давлат раҳбари ушбу стадионни бориб кўрди. Президент стадионда спортчилар, томошабинлар учун қулай шарт-шароит яратиш, ёш спортчилар, хусусан, футболчилар тарбиялашга эътиборни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Изоҳ (0)