Ўзбекистонга ташриф буюрган бола ҳуқуқлари бўйича халқаро эксперт Ренате Винтер (Австрия) 9 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Учрашувда меҳмонга Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларига оид қонунчилик доимий такомиллаштириб борилаётгани, қонун ижроси назорати йўлга қўйилгани, баркамол авлодни вояга етказиш сиёсатининг изчил давом эттирилаётгани ҳақида маълумот берилди.
– Ўзбекистонда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси ҳаётга тўла татбиқ этилганига гувоҳ бўлдик, – деди Ренате Винтер. – Болаларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самарасида уларнинг барча ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланмоқда.
Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро эксперт Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан ҳам музокаралар ўтказди.
Изоҳ (0)