Ички ишлар вазирлиги террорчилик хуружлари ҳақида тарқалган чақириқлар бўйича муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, охирги вақтларда дунёнинг турли мамлакатларида содир этилган террорчилик ҳаракатларидан сўнг, Ўзбекистон ҳамда қўшни давлатлар фуқароларига интернет ижтимоий тармоқлари орқали пул мукофоти эвазига савдо ва кўнгилочар марказлар, мактаблар ва бошқа жамоат жойларини миналаштириш таклиф қилинган хабарлар келиб тушмоқда.
Бу каби провокацион хабарлар, асосан, Telegram орқали юборилиб, унда номаълум шахслар турли миқдорда пул тўлаш, қурол-яроғ билан таъминлаш ва ҳаракатлар режасини юборишга ваъда бериб, ушбу ҳаракатларга рад жавобини эътиборга олмайди.
“Энг хавфли жиҳати шуки, ёвуз ниятли шахсларнинг хабарлари кўп ҳолларда болаларга юборилмоқда. Шунингдек, болаларнинг шахсий маълумотлари орқали уларни қўрқитиш ҳолатлари кузатилмоқда. Провокаторлар ўзларининг фотосуратлари ва рақамларини яширган ҳолда фаолият юритадилар.
Ҳурматли фуқаролар! Агарда сизга бу каби хабарлар келса, ваҳимага тушманг ва уларни очиқ чатлар, танишларингиз ва дўстларингизга юбормай, дарҳол 102 рақамига қўнғироқ қилиб, ички ишлар органларига хабар беринг. Хабар юборувчиларни блокланг ва улар билан ёзишма ва суҳбатга киришманг.
Ёдингизда тутинг, фирибгарлар жамоатчилик орасида ваҳима уйғотиш учун бу каби хатти-ҳаракатларни амалга оширмоқда! Республика ҳуқуқ-тартибот органлари эса хавфсизликка бўлган ҳар қандай таҳдидларни бартараф қилиш борасида ўз ваколатлари доирасида барча чораларни кўрмоқда”, — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)