Украинада уруш бошланганидан кейин Россия мактабларида тикланган ҳарбий тайёргарлик бўйича мажбурий ўқув дарсларини 5-синфдан ўтиш таклиф этилди. Бу ташаббусни Давлат думасининг МДҲ ишлари, Евросиё интеграцияси ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раҳбари ўринбосари Виктор Водолацкий илгари сурди.

Унинг фикрича, шунда болалар ўз яқинларининг хавфсизлигини қандай таъминлашни билади.
Курск вилоятидаги воқеалардан кейин мактабларда бошланғич ҳарбий тайёргарликни қайта тиклашимиз керак, чунки болалар ўзини, оиласини ҳимоя қилиши керак. Шунинг учун биз ҳар бир мактабда бошланғич ҳарбий тайёргарликни 9-10-синфдан эмас, 5-синфдан бошлашимиз керак. Шунда бизда аҳоли ҳар қандай ҳаракатларга, ҳар қандай провокацияларга тайёр бўлади, деди у.
Депутатнинг сўзларига кўра, Украинага бостириб кириш бошланишидан ва Россия армияси Курск вилоятининг бир қисмини йўқотишидан олдин россияликлар биринчи тиббий ёрдамни қандай кўрсатишни масалан, боғлаш ёки жгут қўйишни билмаган.
Шунингдек, фуқаролар дронлардан қандай яширинишдан хабардор бўлмаган, дея таъкидлади Водолацкий.
У Белгород вилоятидаги отишмалар оқибатида кўплаб “қон кетаётган” ярадорларга “Воин” маркази курсантлари ёрдам берганини айтди. Марказ президент Владимир Путин буйруғи билан ташкил этилган, “янги авлод ватанпарварлари”ни тайёрлайдиган ҳарбий-тарғибот клуби ҳисобланади.

Россияда бошланғич ҳарбий тайёргарлик дарслари совет давридаги амалиётга қайтди
Украинада уруш бошланганидан сўнг, Россияда бошланғич ҳарбий тайёргарлик дарслари совет давридаги амалиётга қайтди. 2022 йил ноябрда Россия таълим вазири Сергей Кравцов мамлакатдаги мактабларга бундай дарсларни жорий этиш ҳақида эълон қилди. 2023-2024-ўқув йилида ҳарбий тайёргарлик 10 ва 11-синфларда “Хавфсизлик ва ватанни ҳимоя қилиш асослари” фанига киритилди. Шунингдек, ҳарбий тайёргарлик ўрта таълим муассасаларида ҳам ўқитилмоқда.
Ўқувчиларга саф тайёргарлиги асослари, жанг пайтида биринчи ёрдам кўрсатиш қоидалари ўргатилади, гуруҳларда ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиш, ҳаво ҳужуми вақтида яшириниш ва бошқа ҳимоя усуллари ҳақида маълумот берилади. Бундан ташқари, ўқувчилар қўл гранаталари билан муомала қилишни ҳам ўрганмоқда.
Изоҳ (0)