Тошкент вилоятида Оҳангарон тумани “Чинор” МФЙ ҳудудидаги Оҳангарон сув омборида икки нафар қиз чўкиб кетди.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг “Дарё”га маълум қилишича, 28 июль куни уч нафар қиз — Ангрен шаҳрида туғилган 19 ёшли Д.П., 16 ёшли Д.А. ва Оҳангарон туманида туғилган 18 ёшли Н.Э. Оҳангарон сув омборига чўмилиш мақсадида келган. Улардан икки нафари сувдан қайтиб чиқмасдан, бедарак йўқолган.
Чўкиб кетган икки нафар қизнинг мурдаси ФВВ Оҳангарон туман бўлими ходимлари томонидан олиб борилган қидирув ишлари давомида 28 ва 29 июль кунлари топилган. 16 ёшли Д.А. қутқариб қолинган.
Қизларнинг сувга чўкиб вафот этгани юзасидан ўлим сабабларини аниқлаш учун судга оид тиббий экспертизалари тайинланган. Ҳозирда туман прокуратураси томонидан мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
23 июль куни Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидаги Ақчакўл сув ҳавзасида бир оиланинг 3 нафар аъзоси вафот этганди. 36 ёшли аёл ва унинг 12 ва 10 ёшдаги қизлари ҳалок бўлган. Шу куни Наманганда икки ўсмир каналда чўкиб кетди. 31 июлда эса Тошкентдаги “Янги Ўзбекистон” боғида жойлашган дам олиш масканида чўмилаётган 23 ёшли йигит чўкиб кетганди.
Изоҳ (0)