Ички ишлар органларига ишга киритиб қўйиш учун пул олган шахслар ушланиб, жиноят ишлари қўзғатилди.

Тошкент шаҳар Адлия бошқармасида алоқа оператори лавозимида ишлаб келган, 1992 йил Урганч шаҳрида туғилган шахс Хонқа туманида истиқомат қилувчи фуқарони ўзининг мансабдор яқин танишлари орқали ички ишлар органларига мўмай пул эвазига осон ишга киритиб қўйишни ваъда қилган.
У лавозимларнинг мавқейи ва мансабига қараб ўзича нарх ҳам белгилаб, оддий аскарлар таркибидаги лавозимларга киритиб қўйиш учун 1500 доллар, офицерлар таркибидаги лавозимларга ишга қабул қилиш учун эса 2000 доллар талаб қилган.
ДХХ Хоразм вилояти бўйича бошқармаси томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда адлия ходими воситачи орқали 1900 доллар ва 1 миллион 295 минг сўм олган вақтида ушланган.
Қашқадарё вилоятида ўтказилган бошқа бир тезкор тадбирда эса Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бошқармаси Қарши шаҳар бўлими ходими Косон туманида яшовчи бир фуқарони ўзининг мансабдор танишлари орқали вилоят ИИБга ишга киритиб қўйиш эвазига 2000 доллар олган вақтида қўлга тушган.
Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фирибгарлик ва пора бериш учун белгиланган жазолар
Жиноят кодексига кўра, фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача (18 миллион 750 минг сўмдан 37,5 миллион сўмгача) миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)