Навоий, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида фуқароларни ноқонуний йўллар билан АҚШга юбормоқчи бўлган шахслар ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд туманида истиқомат қилувчи, 1990 йилда туғилган шахс Навоий шаҳрида яшовчи фуқарони Туркия—Европа—Мексика йўналиши орқали АҚШга юбориш эвазига 28 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 14 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Хизматнинг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрида яшовчи, 2000 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун бир неча маротаба судланган шахс Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ишончига кириб, уни АҚШга юбориш ва виза ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 35 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 10 минг долларни учинчи шахс орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида кузатилган ҳолатда эса, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган шахс маҳаллий фуқарони Туркия—Испания—Мексика йўналиши орқали Америкага ишлаш мақсадида юбориш учун мансабдор танишлари орқали виза расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 5 минг доллари ва 26 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Хизматнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган шахс Ширин шаҳрида истиқомат қилувчи 2 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни АҚШга ишга юбориш ҳамда виза ва бошқа ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 38 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 52 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистондан АҚШга ноқонуний бориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари ҳақида хабар берилишига қарамай, бундай ҳолатлар тез-тез қайд этилмоқда. 26 март куни Сирдарё ва Навоий вилоятларида 38 минг ва 14 минг доллар эвазига АҚШга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди. Ундан аввал Тошкентнинг Чилонзор туманида АҚШга ишга юбориш учун 40 минг доллар олган киши ушланганди.
“Ҳурматли фуқаролар, хорижий давлатларга ишга юбориш билан боғлиқ шубҳали таклифлар билдираётган фирибгарларнинг сўзларига алданиб, ўз ҳаётингизни хавф остига қўйманг, огоҳ бўлинг”, дейилади ДХХ матбуот хизмати ахборотида.
Изоҳ (0)