Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасидаги иккита яширин ерости йўлидан телефон ва заргарлик буюмларини олиб ўтганларга нисбатан жазо тайинланди.

2024 йилнинг март ойида Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Хонобод шаҳар “Алишер Навоий” МФЙ ҳудудини Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Бекобод қишлоғи билан боғловчи яширин ерости туннели аниқланган эди. У орқали товар-моддий бойликларни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилганди.
Дастлаб, 1986 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси ерости йўли орқали Ўзбекистонга умумий баҳоси 5 миллиард 954 миллион сўмлик 812 дона мобил телефон воситаларини олиб ўтиб, Ўзбекистондан эса қиймати 1 миллиард 558 миллион сўмга тенг бўлган 1 килограмм 734 грамм ностандарт қуйма олтин буюмларни олиб чиқиб кетмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Андижон шаҳри ва Олтинкўл туманида яшовчи, 1971, 1979 ва 1980 йилларда туғилган 3 нафар шеригига тегишли манзилларда мазкур ерости йўлаги орқали олиб ўтилган 2 миллиард 839 миллион сўмлик жами 1380 дона мобил телефон аппаратлари, 32 дона қулоқчинлар, 920 дона адаптерлар, 338 дона USB-S кабеллар, 40 дона қувватлагичлар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ерости туннели 18-20 метр чуқурликда жойлашган бўлиб, унинг кенглиги 60-70 сантиметрни, баландлиги 170-180 сантиметрни, узунлиги эса 300-350 метрни ташкил қилади.
Олиб борилган тергов жараёнларида ушбу уюшган жиноий гуруҳга 1983 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси раҳбарлик қилгани аниқланиб, у томонидан гуруҳ аъзолари ўртасида вазифалар тақсимланган. Ҳозирда унга нисбатан ҳам алоҳида жиноят иши олиб борилмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан 1986 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси Жиноят кодексининг 182 (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) ва 223-моддаларида (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 6 йилга, 3 нафар Ўзбекистон фуқароси эса Жиноят кодексининг 182-моддаси билан айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Суд ҳукмига мувофиқ, улардан олинган товар-моддий бойликлар ҳамда Хонобод шаҳри “Алишер Навоий” МФЙдаги хонадон ундаги “ерости туннели” кўмиш йўли билан йўқ қилиниб, давлат фойдасига мусодара қилинди.
Бундан ташқари, 1984 йилда туғилган Ўзбекистон фуқаросининг Хонобод шаҳар “Алишер Навоий” МФЙдаги хонадонида аниқланган иккинчи ерости туннели ҳам суд ҳукмига мувофиқ, тегишли тартибда йўқ қилиниб, мазкур уй ҳамда ашёвий далил сифатида олинган товар-моддий бойликлар давлат фойдасига мусодара қилинди. Қонунбузарга нисбатан эса 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тергов жараёнида ушбу ерости туннеллари орқали Қирғизистондан олиб ўтилган турли русумдаги мобил телефон аппаратлари Андижон ва Тошкент шаҳарларидаги савдо марказларида сотувга чиқарилгани аниқланиб, ҳозирда мазкур йўналишда тегишли суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)