Литва ҳукумати Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари учун миграция сиёсатини ўзгартирмоқчи. Бу ҳақда LRТ хабар берди.

Хабарга кўра, Марказий Осиё давлатларининг ўнга яқин фуқаросига террорчилик ташкилотлари билан алоқаси ва радикаллашуви эҳтимоли туфайли Литвага кириш тақиқланган. Шу сабабли Литва бош вазири Гинтаутас Палучкас иммиграция сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақирмоқда.
Афсуски, айрим давлатлардан келган шахслар радикаллашувга кўпроқ мойил эканини тан олишимиз зарур. Бизга маданий жиҳатдан яқинроқ бўлган ҳудудларда малакали ишчи кучини фаол равишда излашимиз керак, деган бош вазир.
Литва давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Дарюс Яунишкис эса мамлакатда Марказий ва Жанубий Осиёдан келган муҳожирларнинг радикаллашуви эҳтимоли юқори эканини айтган. Шу сабабли келажакда миграция сиёсатини қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда. Литва бош вазири виза бериш жараёнида энди маданий яқинликка кўпроқ эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.
Бугунги кунда бизда кўплаб ташқи виза марказлари ёки ҳужжатларни кўриб чиқиш марказлари мавжуд, аммо уларнинг бари маданий яқинлик талабларига жавоб бермайди. Шу сабабли миграция сиёсатини, албатт, қайта кўриб чиқишни режалаштиряпмиз, деди сиёсатчи.
Ўзбекистон Марказий банки таҳлили сўнгги йилларда ўзбекистонлик мигрантлар ишлаш учун Европа Иттифоқи мамлакатларига ҳам аввалги даврлардагидан кўпроқ бораётганини кўрсатмоқда. Жумладан, Польша (ЕИга берилган визаларнинг 21 фоизи), Литва (17 фоиз), Германия (16 фоиз) ва Латвияга (7 фоиз) ишга жойлашиш мақсадидаги сафарлар сони ортган.
Буюк Британия томонидан меҳнат муҳожирларига бўлган мавсумий талаб ҳам сақланиб қолмоқда. Ўзбекистон фуқароларига берилаётган мавсумий визалар барча мавсумий берилган визаларнинг қарийб 13 фоизини ташкил этган. Бунда Буюк Британия томонидан Ўзбекистон фуқароларига 2021 йилда 556 та, 2022 йилда 4228 та, 2023 йилда эса 4094 та виза берилган.
Ўз навбатида, Кореяга умумий миграцион оқим ошиб бормоқда. Бунда асосан таълим ва ишлаш мақсадлари бирламчи аҳамиятга эга.
Изоҳ (0)