Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2024 йил 9 февраль куни “Ревизор” Telegram каналида эълон қилинган Жанубий Мирзачўл магистрал канали бошқармаси қарийб 350 миллион сўмга бир дона Haval Xiaolong кроссоверини харид қилгани ҳақидаги материалда келтирилган ҳолатлар юзасидан ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати “Дарё”га маълум қилди.
BEIJING MAX CAR МЧЖ ХК ва Жанубий Мирзачўл каналидан фойдаланиш бошқармаси ўртасида 2024 йил 9 февраль куни давлат харидлари электрон тизимида 349,2 миллион сўмлик Haval Xiaolong енгил автомобилини етказиб бериш юзасидан шартнома имзоланган.
Ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлигига сўров юборган.
Ўрганиш давомида Жанубий Мирзачўл каналидан фойдаланиш бошқармасининг 2024 йил 7 мартдаги 12-сонли буйруғига асосан, Haval Xiaolong русумли автотранспорт воситаси бошқарма бошлиғи Ш. Джўраевга хизмат автомашинаси сифатида бириктирилгани маълум бўлган.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Жанубий Мирзачўл каналидан фойдаланиш бошқармаси давлат органи ҳисобланади.
“Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 1-иловаси билан давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини бириктириш меъёрлари белгиланган.
Мазкур меъёрларга асосан вазирлик, давлат қўмиталари, қўмиталар ва агентликлар ҳузуридаги давлат органларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1500 баравари (510 миллион сўм)дан ошмаслиги белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, Жанубий Мирзачўл каналидан фойдаланиш бошқармаси томонидан харид қилинган автотранспорт воситаси нархи камида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1027 бараварига (349,2 миллион 340 минг сўм) тенглиги маълум бўлди”, — дейилади агентлик ахборотида.
Жанубий Мирзачўл каналидан фойдаланиш бошқармаси сотиб олган мазкур автомобиль Вазирлар Маҳкамаси қарори талабларига зид ҳисобланмайди.
Изоҳ (0)