Ўзбекистон ҳукумати делегацияси 29—30 апрель кунлари амалий ташриф билан Хитойнинг Урумчи шаҳрида бўлди.

Ташриф доирасида бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон Уйғур автоном райони Партқўми котиби Ма Синжуй бошчилигидаги икки мамлакат делегациялари учрашуви бўлиб ўтди.
Унда томонлар савдо, инвестициявий ва технологик ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, “яшил” энергия соҳаларида янги лойиҳалар амалга оширилаётгани натижасида ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 13 миллиард доллардан ошганини билдириб, давлат раҳбарлари томонидан белгилаб берилган 20 миллиард долларлик кўрсаткичга эришиш учун барча имкониятларга мавжудлигини таъкидлади.

Савдо-саноат, транспорт-логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва таълим соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
30 апрелда Урумчида Ўзбекистон—Хитой иқтисодий форуми ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан Абдулла Арипов Ўзбекистон делегацияси таркибида 250 дан ортиқ йирик тадбиркорлар, шунингдек, Андижон, Тошкент, Фарғона, Сирдарё, ва Сурхондарё вилоятлари раҳбарлари ҳамда вакиллари ҳам Урумчига ташриф буюрганини билдириб, қатнашчилар эътиборини президент Шавкат Мирзиёев бошчиликларида мамлакатда инвестицион муҳитни яхшилаш ва тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасига қаратди.


Форум доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари раҳбарлари ва вакиллари “B2B” шаклда ҳам музокаралар олиб борди. Хитойга ташриф доирасида Хитойнинг China General Nuclear Power, Sichuan Jiuzhou Investment Holding Group, Xinjiang Lihua Group , Хитой Тўқимачилик маҳсулотлари импорти ва экспорти палатаси, Shanghai Oriental Credits Industrial Development So., Ltd, Longze Investment Group Co., Ltd., Watchman Group PTE. Ltd, Пекин технологиялар университети, Электротехника савдо палатаси, Хитой Чарм ассоциацияси сингари қатор йирик компаниялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хитойдан Ўзбекистонга инвестициялар ҳажми ошди
Бугунги кунда хитойлик ҳамкорлар билан энергетика, кимё, машинасозлик, текстиль, қурилиш материаллари, маиший техника, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар самарали амалга ошириб келинмоқда. Сўнги йилларда Хитойдан Ўзбекистонга жалб қилинаётган тўғридан тўғри инвестициялар ҳажми 5 баробар, қўшма корхоналар сони эса 3 баробар ошди.
“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида минтақа мамлакатлари учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли қурилишига старт берилди. Ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб ўртасидаги йирик логистика хаби сифатида шаклланади.
Изоҳ (0)