Туркияга алдов йўли билан чақирилган ва мураккаб вазиятга тушиб қолган вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Бош консулхона ахборот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, ота-онасидан эрта айрилган С.С. қонуний васийларининг розилигисиз, Туркия олий ўқув юртларида таҳсил олиш мақсадида Истанбул шаҳрига келган. У ўзбекистонлик танишининг тавсияси билан Туркияда таҳсил олаётган, А.Д. исмли шахс билан боғланган.
Туркияга келганидан сўнг С.С.ни А.Д. кутиб олган ва унга босим ўтказиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган. Қаршилик қилган тақдирда эса уни маҳаллий жиноий гуруҳларга топшириш билан қўрқитган.
Ҳаёти хавф остида қолганини англаган С.С. ёрдам сўраб, диаспора вакилларига мурожаат қилган. Фаоллар томонидан Бош консулхонага олиб келинган қизнинг ҳолати ўрнатилган тартибда кўриб чиқилган. Ушбу ҳолатга алоқадор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш бўйича ишлар ташкил этилган.
2025 йил 14 апрель куни Бош консулхона, “Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти” ва Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан ҳамкорликда вояга етмаган қизнинг ватанга қайтишини ташкил этди ва у белгиланган тартибда давлат қарамоғига топширилди.
Ўзбекистонда С.С. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан кутиб олинди ва ҳозирда уни оилавий муҳитга қайтариш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бундан аввал Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўз қизи томонидан қийин аҳволда қолдирилган аёл ва унинг ўғли Ўзбекистонга қайтарилган эди.
Изоҳ (0)