“Дарё”да “Вазирлик жим, қурувчилар сарсон: ‘Ташаббусли бюджет’ қурилишини монополияга айлантирмаслик сўралмоқда”, сарлавҳали мақола эълон қилинган бўлиб, унда пойтахт кўчаларида, аниқроғи, Қурилиш, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бинолари ўртасида сарсон бўлаётган қурувчилар масъуллар адолатидан умид қилаётгани баён қилинганди.
Қурувчиларнинг айтишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2023 йилнинг 29 декабрь куни имзоланиб, 2024 йилнинг 1 январидан кучга кирган қарор уларнинг фаолиятида монополия ривожланишига сабаб бўлган. Шу сабаб улар норозилигини билдириш учун Қурилиш вазири, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазири қабулини талаб қилганди.
Муаммо таҳририят томонидан жамоатчиликка очиқлангач, ҳолат бизнес омбудсман назоратига олинди. 29 май куни бизнес омбудсман девонида вакил ўринбосари Ж.Урунов иштирокида қурилиш соҳаси вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Очиқ ва конструктив мулоқотда қурилиш соҳасидаги мавжуд муаммолар муҳокама қилинди. Йиғилиш иштирокчилари вазиятни яхшилаш бўйича қатор ечим ва мулоҳазаларни илгари сурди. Учрашувда бизнес омбудсман девони қурилиш соҳаси вакиллари билан яқин ҳамкорликни давом эттириш ва мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал этишга тайёр экани таъкидланди, — дейди бу ҳақда хабар берган масъуллар.
“Дарё” журналисти билан суҳбатлашган қурувчилар, хусусан, Жамшид Ғозиевнинг маълумот беришича, воқеага бизнес омбудсман эътибор қаратгач, вазирликлар ҳам қурувчилар дардини эшитган. Муаммони ечган.
Эски тартибга қайтилди, онлайн савдога чиқарилаётган “Ташаббусли бюджет” қурилишлари учун яна баллни чегириб қолиш тартиби жорий этиладиган бўлди. Муҳими, вазирликлар, масъуллар биз қурувчиларнинг муаммосига жим қараб турмади. Бунинг учун уларга ташаккур, — дейди қурувчи.
Шу ўринда бир мулоҳаза: “Дарё” таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизматига муаммога эътиборсиз бўлмагани учун ташаккур изҳор этади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати эса ҳолатга эътиборсиз бўлди. Таҳририят журналистининг такрорий мурожаатларига жавоб ҳам бермади. Шу сабаб “Дарё” АОКА масъулларига мурожаат қилиб, вазирлик ахборот хизмати ходимларига журналистга ўз вақтида жавоб бериш ёлғон ва нотўғри ахборотлар тарқалиб кетмаслигининг олдини олишга хизмат қилишини эслатиб қўйишларини сўрайди. Зеро, вазирликлар таркибидаги ахборот хизматининг асосий вазифаларидан бири шу. Улар бу иш учун маош олади.
Изоҳ (0)