Эртага 15 октябрь куни “Бунёдкор” стадионида Ўзбекистон ва БАА термалари тўқнашади. Жаҳон чемпионати саралашидан ўрин олган учрашувга икки жамоа ҳам дуранг натижа билан етиб келди. Учрашувдаги ғалаба ҳар икки жамоа учун ҳам аҳамиятли ҳисобланади.
ОФК мазкур учрашувга хитойлик Ма Нинг бошчилигидаги ҳакамларни тайинлаган. Ушбу рефери январь ойида Қатарда бўлиб ўтган Осиё Кубоги финал учрашувини бошқарган ва Қатар фойдасига 3 та пенальти белгилаган.
Уч турдан сўнг Ўзбекистон жамоаси 2 ғалаба ва бир дуранг билан 7 очко тўплаган ҳолда гуруҳ пешқадами бўлиб турибди.
БАА эса уч учрашувдан фақат биттасида ғалаба қозонган. Эрон билан иккинчи турда учрашган жамоа кичик ҳисобда мағлуб бўлди. Шимолий Корея билан 3-турда дуранг қайд этган араблар 4 очко билан 3-ўринда бормоқда.
Ўзаро ўйинлар натижаси:
Ўзбекистон терма жамоаси БАА билан 15 бора тўқнаш келган. Учрашувларнинг 4 тасида Ўзбекистон ғалаба қозонган бўлса, 7 ўйинда арабларнинг қўли баланд келган. 4 учрашувда дуранг қайд этилган.
Ўзбекистон жамоаси 2014 йил БАА устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Ушбу ҳисоб жамоанинг энг йирик ҳисобдаги ғалабаси ҳисобланади. 2001 йил жамоа Ўзбекистон сафарда энг йирик ҳисобда (1:4) мағлуб бўлган.
Қизиқарлиси, ўзбекистонликлар эришган барча ғалабалар сафарда қўлга киритилган. Терма жамоа БААни Тошкентда ҳеч қачон мағлуб этмаган. Тошкентдаги учрашувларнинг биттаси дуранг билан тугаган ва 3 тасида Ўзбекистон термаси мағлубиятга учраган.
Сўнгги 5 ўйин натижалари
Ўзбекистон жамоаси сўнгги 5 ўйиннинг 3 тасида ғалаба қозонди. Қолган 2 ўйинда жамоа Эрон билан дуранг қайд этган.
БАА учрашувларнинг 2 тасида ғалаба қозонган, Баҳрайн ва Шимолий Корея билан дуранг қайд этган. Саралашнинг 2-турида Эрон БААни кичик ҳисобда мағлуб этган.
Йўқотишлар
Терма жамоа сафида Рустам Ашурматов сариқ карточкалари 2 тага етгани боис ушбу учрашувни ўтказиб юборади. Эрон билан ўйинда захирадан қўшилган Остон Ўрунов жароҳат сабаб эртанги ўйинда қатнаша олмайди. Бош мураббий ёрдамчиси Рандановичнинг хабар беришича, Аббосбек Файзуллаев машғулотларда жароҳат олган. Унинг ҳам ўйинда иштирок этиши шубҳа остида.
БАА жамоаси Тошкентга 4 та йўқотиш билан етиб келди. Куадио дисквалификация сабаб жамоасига ёрдам бера олмаса, Яҳё Нодир ҳали учрашувларга тўлиқ тайёр эмас. Шунингдек, Абдулраҳмон Солиҳ жароҳат туфайли учрашувда қатнаша олмайди. Сохта Ўзбекистон паспортига эга бўлган Фабио Де Лима шахсий сабабларга кўра ўйинни ўтказиб юборади.
FIFA рейтинги
Ўзбекистон терма жамоаси рейтингда 60-ўринда қайд этилган. Жамоа Осиёда 8-ўринда жойлашган.
БАА терма жамоаси жаҳонда 69-ўринда, Осиёда эса кучли 10 ликни якунлаб турибди.
Энг қиммат ўйинчилар
БАА жамоаси футболчиларни маҳаллийлаштиришга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Таркибдаги энг қиммат ўйинчиларнинг барчаси хорижлик футболчилар. Келиб чиқиши бразилиялик бўлган, ҳозирда “Ал-Васл” клуби футболчиси Лима Transfermarkt томонидан 7 миллион еврога баҳоланган. Яна бир бразилиялик “Шаржа” футболчиси Лукаснинг нархи 5 миллион евро, унинг жамоадоши Луан Перейра 4,5 миллион еврога баҳоланган.
Ўзбекистон таркибидаги Аббосбек Файзуллаев Россиянинг “ЦСКА” клубида тўп суради. Портал унинг трансфер қийматини 6 миллион еврога баҳолаган. “Ланс” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов 5 миллионлик қийматга эга. Жамоа тўпурари ва “Рома” клуби футболчиси Элдор Шомуродов ҳам шунчага баҳоланган.
Мураббийлар фикри
Ўзбекистон бош мураббийи ёрдамчиси Владо Радманович:
“БАА ўйинларини таҳлил қилдик. Жамоа ҳимояда яхши ўйнайди ва ўйинларда ҳимояга кўпроқ таянади. Ушбу ҳимояга қарши босим ўтказишга ҳаракат қиламиз. Афсуски, Аббосбек Файзуллаев кечаги машғулотларда жароҳат олди. Остон Ўруновнинг ҳам ҳозирда жароҳати бор
Гол уролмаганимиз? Эрон ҳимояси кучлилигини тан олиш керак. Аммо биз ҳам улардан тўп ўтказмаяпмиз. 3 йил аввалги билан солиштирсак, Ўзбекистон ўсишга эришди.
Эртанги ўйин тактикаси ҳақида гапира олмайман. Аммо лозим бўлса, таваккал қилишимиз мумкин. Азиз Турғунбоев, Ҳожимат Эркинов каби футболчилар билан ўйинни кучайтира оламиз. Бизга ҳозир етишмаётган футболчи — Игор Сергеев. Иккинчи марказий ҳужумчи йўқлиги сабаб Элдор Шомуродов тўлиқ ўйнамоқда”.
БАА бош мураббийи Паолу Бенту:
“Учрашувга одатдагидек тайёрландик. Аввалги ўйинларни таҳлил қилдик ва футболчилар билан хатолар ҳақида фикр алмашдик. Ўзбекистон ҳақида кеча футболчилар билан гаплашдик. Бугун эса расмий машғулотларда қатнашамиз ва эртанги ўйин тактикаларини кўриб чиқамиз. Эртага қийин ўйин бўлишини биламиз. Ўзбекистон яхши жамоа ва жадвалда ҳам олдинги ўринда. Жамоа Эрон билан бўлган 3 учрашувда мағлуб бўлмади. Жамоа турли схемаларда ўйнай олади ва жуда яхши ўйинчиларга эга. Мураббий узоқ вақтдан бери жамоа билан бирга. Албатта, эртага қийинчиликларга дуч келамиз. Аммо биз ўзимизнинг яхши ўйинимизни кўрсатамиз ва керакли натижани қўлга киритамиз”.
Ўйин ҳақида
Ушбу учрашувдаги ғалаба мезбонларнинг гуруҳдаги етакчилигини сақлаб қолишга ёрдам беради. Очколари сони 10 тага етса, Ўзбекистон жамоаси БАА билан фарқни 6 тага оширади. Меҳмонлар ғалабаси эса ўзбекистонликларнинг имкониятини кескин камайтириб юборади ва жамоалар ҳисобидаги очколар сони тенглашади. Агар Аббосбек Файзуллаев жамоага ёрдам бера олмаса, мураббий ҳимоячилардан бирини ёки Ҳожимат Эркиновни майдонга тушириб эски, доимий тактика орқали ўйнашга ҳаракат қилади. Мураббий айтганидек ушбу ўйинда тақозо қилса, турли тактик ўзгаришлар ҳам қилиниши мумкин.
БАА жамоаси КХДР билан ўйинда очко йўқотди ва ушбу ўйиндан максимал очко олишга уринади. Бунинг оқибатида ҳимояда бўшлиқлар юзага келиши мумкин. Ўзбекистон жамоасида тезкор футболчилар борлигини инобатга олсак, қарши ҳужумдан мезбонларнинг гол уриб Тошкентдаги илк ғалабасини қўлга киритиши мумкин.
Аммо бразилиялик футболчиларнинг техникаси юқорилигини ва тўп билан жуда чиройли ҳаракатланишини алоҳида эътироф этиш зарур.
Ёмғирли ҳавода ўтиши кутилаётган ушбу учрашув Эрон билан бўлган ўйиндан кўра очиқроқ бўлиши ва жамоалардан голлар кутишимиз мумкин.
Учрашувда Ўзбекистон жамоаси кўк, меҳмонлар эса оқ либосларда майдонга тушади.
“Бунёдкор” стадионида бўладиган баҳс 19:00 да бошланади.
Изоҳ (0)