Дунёдаги энг йирик обуна видео стриминг хизмати Netflix 2023 йилнинг тўртинчи чорагида соф фойдасини 17 баробарга, пуллик обуначилар сонини эса 13 миллионга оширишга муваффақ бўлди.
Октябрь декабрь ойларидаги соф даромад 937,8 миллион долларни ташкил этди, ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 55,3 миллион долларни ташкил қилган. Ҳар бир акция учун даромад бир йил аввал 0,12 долларни ташкил қилган бўлса, 2023 йилда 2,11 долларгача ошди.
Netflix’нинг чораклик даромади 12,5 фоизга ошиб, 7,85 миллиард доллардан 8,83 миллиард долларгача ошган. Пулли обуначилар сони 13,1 миллионга кўпайди, бу тўртинчи чоракдаги рекорд даражадаги ўсиш бўлиб, жами обуначилар сони 260 миллиондан ошди.
Компания прогнозига кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида унинг даромади 9,24 миллиард долларни ташкил этади, яъни ўтган йилга нисбатан 13,2 фоизга ўсади.
Netflix биринчи чорак учун соф даромад 1,976 миллиард доллар бўлишини ёки ҳар бир акция учун 4,49 доллар даромадга эришишни прогноз қилмоқда.
Сешанба кунги қўшимча савдоларда компания акциялари 8,7 фоизга ўсди. Охирги 12 ой ичида уларнинг қиймати 34 фоизга ошди.
Изоҳ (0)