Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги Ғeлон қишлоғи нафақат маҳаллий сайёҳларни, хорижлик, хусусан, Германия, Швeцария, Испания, Руминия, Польша каби давлатлардан келган меҳмонларни ҳам ўзига ром этган.
“Дарё”нинг Қашқадарё вилоятидаги мухбири Муроджон Амиров ушбу эртакнамо қишлоқда бўлиб, қишлоқ ҳаётини тасвирга олди.
Қарийб икки минг йиллик тарихга эга Ғэлон қишлоғи Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани марказидан 100 км узоқликда жойлашган. Аҳолиси беш минг нафардан зиёд ушбу қишлоқда асосан Нива автомобилидан фойдаланилади. Бу қишлоққа бориш учун ҳам фақат Нивадан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Ғелонда қиш нафаси уфуриб турса-да, ҳаёт қайнайди. Ҳар ким ўз юмуши билан машғул. Кимдир булоқдан сув ташиса, яна бошқаси темирчилик ёки мусиқа асбобларини ясаш билан банд.
Кўчаларни кезар экансиз, мактабдан қайтаётган болалар, йўлларни қордан тозалаш учун махсус техникани кўздан кечираётган киши ҳамда қарийб 30 сантиметрлик қорда ҳам ҳаракатланаётган машиналарга кўзингиз тушади.
Темирчи уста Раҳмонқул Расуловнинг айтишича, унга темирчилик боболаридан меърос қолган.
“Бу касб билан 40 йилдан бери шуғулланаман. Қиш пайтида кетмон, ўроқ каби иш қуроллари ясайман. Баҳорда деҳқончилик қиламан. Битта мен эмас кўпчилик деҳқончилик билан шуғулланади. Темирчилик касби менга ота-боболаримдан қолган мерос. Ушбу касбни давом эттираётган тўртинчи авлодман”, — дейди Раҳмонқул Расулов.
Ҳаво совуқ ва у ерда қалин қор бўлишига қарамасдан инсонлар кўзидаги меҳр барчасини тезда илитади. Аҳён-аҳёнда итларнинг қор янчиб ҳаракатланаётгани, машиналар овозини эшитиш мумкин.
Саксон ёшни қоралаган Рўзибой Мутаиллоевнинг бардамлигини кўриб бу ернинг одамлари қаримас экан деган фикр уйғонади кишида.
“Чолғу асбобларини асосан тут дарахтидан ясайман. Буларда ишлатиладиган махсус пардалар эса молнинг юрагидан тайёрланади. Мусиқа асбобларини ясасам-да, аммо овозларини мослашни тушунмайман. Шу қишлоқда яшайдиган нафақадаги ўқитувчи билан овозларини мослаймиз. Битта мусиқа асбобини ясаш учун камида йигирма кун вақт сарфлайман”, — дейди уста Рўзибой Мутаиллоев.
Маҳаллий аҳоли қишлоқ пайдо бўлганидан бери суви камайса ҳам умуман қуримайдиган тарихий булоқдан сув ичади.
Шу қишлоқда яшовчи рассом Муҳаммади Чоршанбиевнинг қишлоқ манзаларидан илҳомланиб чизган суратлари хонадонидаги музейда сақланади. Рассом суратлари орасида 500 минг сўмдан 7000 долларгача баҳоланадиган асарлар бор. Санъат асарларини яратишини отасидан ўрганган Аюб Чоршанбиев ҳам бир нечта дурдоналар яратган.
Ёғочларга гўёки жон киргузувчи 66 ёшни қаршилаган уста дурадгор Насрулло Жумаев эса ёғочлардан ҳар хил совғалар, қариялар учун ҳассалар ясашни ҳарбий хизмат ўтаётган пайтларида бошлаган.
“Ҳарбий хизматни ўтаётган пайтимда ёғочдан илон ва шунга ўхшаш нарсалар ясадим. Бу ерга келиб ўн йилча чўпонлик билан шуғулландим. Ўттиз икки йил почта алоқа тармоғида бўлим бошлиғи бўлиб ишладим. Нафақага чиққанимдан кейин яна шу касб билан шуғуллана бошладим. Бу нарсаларни сотиш учун эмас, ўзимдан эсдалик қолдириш учун ясайман”, — дейди Насрулло Жумаев.
Таъкидланишича, ушбу қишлоқда сайёҳларга туризм хизматларини кўрсатиш учун ўндан ошиқ меҳмон уйлари мавжуд. Қишлоқ аёллари эса чет давлатдан келган меҳмонларга ўзлари тайёрлаган маъзали таомларини тортиқ қилади.
Иссиқ тандир бағрига кириб нон ёпаётган Файзинисо опанинг айтишича, унинг уйига ҳар йили ёз ойларида Германия, Швецария, Испания, Руминия, Польша каби давлатлардан меҳмонлар ташриф буюради.
“Мен ҳам уйимда кўплаб сайёҳларни меҳмон қиламан. Чет эллик сайёҳлар ғелонликлар тайёрлаган ширин овқатлар, боғларида етиштирган ноз-у неъматлар ва қишлоқ манзарасига ошиқ бўлади”, — дейди Файзинисо Аҳадова.
Маҳаллий аҳолининг айтишига қараганда, Искандар Зулқарнайн даврида ҳам бу қишлоқда одамлар яшаган.
“Қишлоқ аҳолиси ҳудуддаги чуқурликдан кўзага солинган одам суякларини ҳам топган. Қишлоқда иккита қалъа бор. Боболаримизнинг айтишича, бу қалъаларда қоровуллар қишлоқ аҳолисини ғанимлардан ҳимоя қилган. Ғелон номи эса икки маънони билдиради. Биринчиси ҳунарманд ҳамда донишмандлари ўзидан чиққан деган маъно бўлса, иккинчиси тоғдан катта тошлар юмалаб тушган деган маънони билдиради. Қадимда қишлоқ устига тепаликлардан тош юмалаб тушган”, — дейди ғелонлик ўқитувчи Раҳимқул Нуралиев.
Тоғ-у тошлар орасида, гўёки одам оёғи етмайдиган бу қишлоқ бу ерга келган одамни яна бағрига чорлайверади.
Изоҳ (0)