Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари республика кенгаши халқаро тил сертификати йўқ ўқитувчиларни ишдан бўшатмаслик бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритди.

Унда таъкидланишича, 2021 йилда қабул қилинган ҳукумат қарорларига биноан, хорижий тиллар ўқитувчиларидан 2025/26-ўқув йилига қадар камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тил сертификатига эга бўлиш талаби қўйилган. Бироқ мазкур талаб педагогнинг лавозимга тайинланиши учун асосий шарт эмас, балки қўшимча талаб сифатида белгиланган.
“Меҳнат кодексида айнан сертификат ёки малака тавсифига қўшимча талаб туфайли меҳнат шартномасини бекор қилиш талаби белгиланмаган”, дейилади вазирликка юборилган хатда.
Билдирилишича, Меҳнат кодексининг 8-моддасига кўра, ҳеч бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат ходимнинг ҳуқуқий ҳолатини ёмонлаштириши мумкин эмас. Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгаши ўртасида 2023—2925 йиллар учун тузилган тармоқ жамоа келишувининг 27-бандида қуйидаги меъёрлар киритилган: “вазирлик тизимидаги ўзгаришлар ва таълим сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлардан келиб чиқиб педагоглар ва ходимларнинг малакасини оширишни ташкил қилади. Агар маълум бир йўналишда ўқитувчиларда сертификатга эга бўлиши талаби юзага келса, ходимларининг малакаларини ошириш ва ушбу сертификат олиш учун дастлаб ўқув ташкил қилинади, аммо ушбу сертификатнинг йўқлиги ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлмайди”.
Касаба уюшмаси қуйидаги чораларни кўришни сўради:
- ҳудудий ташкилотлар ва иш берувчиларга B2 сертификатисиз ўқитувчилар билан тузилган шартномаларни бекор қилиш амалиётини зудлик билан тўхтатиш бўйича кўрсатма бериш;
- Вазирлар Маҳкамасининг 312-сон қарорига зарур ҳуқуқий ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
- мазкур қонунга зид кўрсатмалар берган мутасадди ва иш берувчиларга нисбатан интизомий чора кўриш;
- ўқитувчиларга нисбатан камситишга йўл қўйилмаслигини таъминлаш.
Касаба уюшмаси, шунингдек, вазирликдан мазкур масала бўйича кўрилган чораларни расмий саҳифалар орқали жамоатчиликка етказишни ва қисқа фурсат ичида ахборот беришни сўради.
Изоҳ (0)