Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан қуйида унинг рафиқаси Татьяна Каримованинг “Дарё”га берган интервьюсини қайта чоп этилмоқда. Ушбу интервью давомида Татьяна Каримова Ислом Каримов билан қандай танишгани, унинг оилада қандай ота бўлгани ҳамда синовли кунларни қандай енгиб ўтгани ҳақида сўзлаб берган.
— Сизлар қандай танишгансизлар? Бўлажак турмуш ўртоғингиз қалбингизни қандай забт этганлар?
— Ислом Абдуғаниевич билан 1970 йили Самарқандда, муҳандислик-технология факультетининг охирги курсида ўқиган кезларим танишганмиз. Биринчи учрашувимиз уларнинг акалари Ибод Ғаниевичнинг уйида бўлган. Ибод Ғаниевичнинг рафиқаси Хайринисо Султоновна менинг холаваччам эди. Мен талабалар ётоқхонасида истиқомат қилар, дарсдан кейин уларникига тез-тез меҳмонга бориб турар эдим. Ибод Ғаниевич оқкўнгил, ақлли ва одамшинаванда инсон боз устига яхши суҳбатдош ҳам эдилар.
Янги йил эшик қоқиб турган кунларнинг бирида опамникида ўтган навбатдаги меҳмондорчиликдан сўнг эндигина кетишга тараддуд кўриб турганимда бир йигит келиб қолди. Уни менга Ибод Ғаниевичнинг укаси деб таништиришди. Бу Ислом Абдуғаниевич эдилар. Биринчи учрашувимизда деярли гаплашмадик. Ўшанда опам йўлдан келган меҳмон қўлини ювиши учун кўзадан сув қуйиб беришимни сўрадилар. Кейин оила даврасида яна бир неча бор учрашдик.
Кечагидек ёдимда, мартнинг еттинчи куни, айни байрам арафаси эди. Кўкламнинг хуш ифорга тўла илиқ ҳавоси. Шиғалаб ёғиб ўтган ёмғирдан кейин атроф-борлиқ тоза, мусаффо ва гўзал бўлиб кетган. Кўлмакларда осмон парчаси акс этар, кўнгиллар ёришиб, фараҳбахш ҳисларга лиммо-лим тўлган эди. Мен талабалар ётоқхонасида эдим. Иттифоқо мени биров сўраб келганини хабар қилишди. Келган инсон ким эканини тасаввур ҳам кела олмаганим рост. Чиқиб кўрдимки, мени йўқлаб келган одам Ислом Абдуғаниевич эканлар.
Мени хиёбонда сайр қилишга таклиф этдилар. Биз илк бор ёлғиз ўзимиз кўришиб, гаплашиб турган эдик. Табиат, об-ҳаво, ўқиш ҳақида суҳбатлашдик. Одатий суҳбат. Лекин сайр асносида Ислом Абдуғаниевич тўхтаб, ҳеч кутилмаганда “Менга турмушга чиқасизми?” деб сўрадилар. Мен учун бу мутлақо кутилмаган ҳол эди. Қандай изоҳлашни ҳам билмайман: ақл вазиятни ҳали тўлиқ англаб, баҳолаб бўлмасдан, қалб ва юрак “ҳа” дея жавоб бериб бўлган эди. Кўнгил шубҳа-ю гумондан холи кезларда шундай бўлади. Мен бу инсоннинг ички кучи, самимияти, жозибаси, қатъияти ва недир бир оҳанрабосини сезган бўлсам керак… Мен “ҳа” дея жавоб бердим. Бари ана шундай кечган эди. Бор-йўғи бир неча қисқа учрашув…
Ислом Абдуғаниевич апрелда ота-онамдан қўлимни сўрагани Қувасойга бордилар. Тўйимиз май ойида дастлаб Самарқандда, кейинроқ Қувасойда бўлиб ўтди.
— Ислом Абдуғаниевич билан кўп йиллар бирга ҳаёт кечирдингиз. Кундалик ҳаётингиз қандай кечарди, қандай қийинчиликлар бўларди?
— Тўйдан кейин Тошкентдаги икки хонали квартирада жуда оддий ҳаёт кечира бошладик. Бу квартирани Ислом Абдуғаниевич Давлат план комитети раисининг ёрдамчиси бўлган кезларда олганлар. Тинч-тотув яшаганмиз, маошимиз унча катта бўлмагани боис таъмир ишларини ўзимиз қилганмиз. Бўёқ олиб келиб, ўзимиз хона оқлаганмиз, эшик бўяганмиз, полни локлаганмиз, балкон деразасига ойна солганмиз. Ҳеч қачон таъмир ишидан қочмаганмиз. Одатда, Ислом Абдуғаниевич уйдаги таъмир юмушларини ўзлари қилардилар. Барча ишлари бароридан келар эди. Сирасини айтганда, у киши барини ўз қўллари билан қилишни яхши кўрардилар. Керак пайтда қидириб қолмасдик,турли асбоблар солинган бутун бошли жомадоним бўларди. Парма, бўёқ чўткаси, қисқич, омбур, бурагич, болға ва бошқа бирталай асбоблар зарур пайтда асқатарди.
Ислом Абдуғаниевич қандай лавозимда ишламасинлар, ҳеч қачон хизмат вазифасидан фойдаланмаганлари, ваколатларини суиистеъмол қилмаганларига гувоҳман. У кишидан пастроқ даражадаги мансабдорлар ҳам бошқача яшар ва шу боис гоҳида умр йўлдошимнинг устларидан кулишар эди. Аммо бу – Ислом Абдуғаниевичнинг қатъий позицияси эди.
Талабчан, аммо адолатли инсон эдилар. Ўзларига ҳам, атрофдагиларга ҳам талабчан эдилар. Улар тин олмасдан ишлар эдилар. Ўзларига хорижий мамлакатларда ҳордиқ чиқаришни раво кўрмасдилар. Чунки ечимини кутаётган муаммолар тугамас эди. Улар учун дам олиш мисли кўрилмаган ҳашамат эди.
Одатда, йиллик меҳнат таътиллари бир ҳафтадан ошмасди, шунда ҳам бу йил бўйи олинадиган икки-уч кунлик қисқа танаффуслар эди.
Агар онда-сонда имконият туғилса, йилда бир неча марта тоққа, Тошкент яқинидаги Қайнарсой масканига чиқардик. У киши маҳаллий манзараларни яхши кўрар, юртимиз табиати гўзаллигини беназир деб ҳисоблар эдилар.
Ислом Каримов таом тановул қилишда қаноатли бўлиб, асло меъёрдан ошмас эдилар. Дастурхонда уларнинг фикрича ортиқча егуликлар билан тўлдирилганини ёқтирмасдилар. Улар паловни севиб истеъмол қилардилар.
Бирга яшай бошлаган илк йилларимизда вақтлари бўлса, дам олиш кунларида ўз қўллари билан мазали ош тайёрлаб берардилар.
— Янги мустақил мамлакатнинг биринчи хоними бўлиш — ўта масъулиятли ва шарафли миссия. Ўшанда ҳаётингиз қанчалик ўзгарган? Нималар билан тўқнаш келгансиз? Нималарга кўникишга, нималарни ўрганишга тўғри келган?
— Мен бу мақомга тўсатдан эришиб қолмаганман. Ислом Абдуғаниевич давлат раҳбари бўлгунларига қадар Ўз ССР давлат планида кареравий ўсишнинг барча поғоналаридан ўтганлар. Улар оддий ишчи бўлиб фаолиятларини бошлаб, давлат плани раиси, Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари лавозимигача кўтарилганлар. Шунингдек, Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон молия вазири сифатида ҳам тажрибага эга эдилар.
Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон компартияси биринчи котиби бўлганларидан кейин ҳаётим ўзгариб кетган. Бу нарса билан барча давлат раҳбарларининг рафиқалари тўқнаш келади. Янги ҳаёт тарзига дастлаб кўникишим қийин бўлган.
Аввал оз бўлса ҳам бўш вақтим бўлган бўлса, эндиликда ҳеч нарсага улгурмасдим. Секин-аста янги ҳаёт тарзига ўргана бошладим. Биз давлат дачасига кўчиб ўтдик. Ташвишим, муаммоларим кўпайди, масъулият ортди. Янги зарур хизматларни ташкил этиш кўп вақтимни оларди. Бироқ бу шунчалик янги ва қизиқарли иш эдики, чарчоқни ҳис этмасдим.
Масалан, бизда хўжалик ва маиший масалаларга масъул ҳеч қандай тизимлар яратилмаган эди. Ўшанда иқтисодиёт институтида ишласам ҳам кўпинча ташкилий масалалар билан шуғулланишимга тўғри келарди. Машаққатли йиллар эди: Президент қўриқлаш хизмати қандай ташкил этилгани ҳамон эсимда. Бунга қадар тизимда бундай бўлим мавжуд эмас эди.
Ҳаммаси бўлиб бўлим 5 кишидан иборат эди. Қўриқчилар бошлиғи, Ислом Абдуғаниевичга бириктирилган уч нафар ходим, яна бири эса мен ва қизларимга ажратилган эди.
Биз дастлаб бизни кимдан ва нима учун қўриқлаш кераклигини тушунмасдик. Бироқ оғир вақтлар эди, шунинг учун халқаро стандартларга мослашиш талаб қилинарди.
— Ислом Каримов ўз ҳамкасблари билан ишдан ташқари вақтларда ҳам яқин муносабатда бўлганми? Масалан, оилавий тадбирларга ҳамкасбларини таклиф этганми?
— Ислом Абдуғаниевични ҳамкасблари билан фақат иш муносабатлари боғлаб турарди. Уйимизда уларнинг ҳамкасблари ёки ходимлари иштирокида ҳеч қандай оилавий тадбирлар ўтказилмасди. Биз байрамларни тор, оилавий даврада нишонлардик. Қизларимиз невараларимиз билан, яна бизнинг 40 йиллик оилавий дўстларимиз уйимизда тез-тез меҳмон бўларди.
Байрамларда одатда 10 кишича йиғилишардик. Ислом Абдуғаниевич катта, шовқин-суронли давраларни ёқтирмасдилар. Улар жуда меҳмондўст эдилар. Уйимизга келган меҳмонларнинг ҳар бирига, улар ўзларини эркин ҳис этишлари учун, эътибор қаратишга ҳаракат қилардилар. Бундай вақтларда улар меҳмонларнинг кайфиятларини кўтариш учун ҳазил-ҳузуллар қилардилар.
Дам олиш кунларида Ислом Абдуғаниевич одатда ишлардилар. Шундай бўлса-да, айрим пайтларда бир неча соатни дам олишга ажратардилар. Бундай вақтларни улар одатда дачада сайр қилиш ёки спортга бағишлардилар.
Бутун умр спортга ошно яшадилар. Ҳамиша яхши спорт формасида бўлишга интилганлар ва буни бошқалардан ҳам талаб қилганлар. Давлат планида ёки вазир бўлиб ишлаганларида ҳам ҳар куни эрталаб Бешёғочдаги спорт мажмуасига борар эдилар. Эрталаб соат 6 да спорт мажмуасига метрода етиб олиб, уйга хизмат машинасида қайтар эдилар.
Улар ҳаётларининг сўнгги дамларига қадар тренажёр залида, шунингдек сузиш ва теннис билан шуғулландилар.
Ислом Абдуғаниевич 50 ёшларида катта теннис билан шуғулланишни бошлаб, ушбу ўйин техникасини тез ўзлаштирдилар. Тиғиз кун тартибига қарамай улар ҳафтада уч кун ишдан кейин албатта теннис кортига боришни канда қилмасдилар.
Ислом Абдуғаниевич теннис бор эътиборни ўйинга ва рақибга жалб қилишни талаб қилгани учун уларга кундалик муаммолардан чалғишга ёрдам беришини таъкидлардилар. Улар умрларининг сўнггига қадар теннис ўйнаганлар. Спортнинг ушбу турига мени ҳам, невараларимизни ҳам жалб қилганлар. Мен турмуш ўртоғимдан ортда қолмасликка ҳаракат қилардим ҳамда бажонидил теннис кортида вақт ўтказардим.
Бу мен учун ҳам уйимдаги ташвишлардан чалғишнинг бир усули эди. Ислом Абдуғаниевич шахмат ўйнашни ҳам ёқтирардилар. Айниқса тоғда ҳордиқ чиқараётганида, шунингдек командировкаларга узоқ парвозлар вақтида шахмат ўйнардилар.
— Ислом Каримов фаолиятидаги қандайдир масалалар юзасидан сиздан маслаҳат сўраган пайтлари бўлганми? Айнан сиз ҳал этишга маслаҳатингиз билан ёрдам берган вазият бўлганми?
— Биласизми, Ислом Абдуғаниевич уйда иш ҳақида умуман гапирмасликка ҳаракат қилардилар. Ўзларини ташвишга солаётган масалалар ҳақида оғиз ҳам очмасдилар. Улар мени шу тариқа ортиқча ташвишлардан асрар эдилар.
Қандай воқеа-ҳодисадан маълум муддат ўтганидан сўнг улар жуда муҳим у ёки бу эпизодни сўзлаб берардилар. Бу эса улар қабул қилган қарорнинг таҳлили бўлар edi.Biz буни бирга муҳокама қилардик.
Мен уларнинг кайфиятларидан, баъзан кўз қарашларидан оғир кунни бошдан кечирганларини сезардим. Бундай вақтларда мен бутун эътиборимни турмуш ўртоғимга қаратардим, невараларимиз ҳақида гапириб кайфиятларини кўтаришга уринардим.
— Ислом Каримов фарзандлари ва неваралари тарбиясида нималарга алоҳида эътибор берар эдилар?
— Ислом Абдуғаниевич Давлат план комитетида ишлаган кезларида тез-тез Москвага хизмат сафарига борар эдилар. Улар ҳар сафар қизларига кўйлаклар, поябзаллар, бантиклар олиб келардилар. Янги кийим кийган чоғида қизларининг кўзидаги қувончни кўриш уларга катта завқ бағишлар эди. Таъкидлаш жоизки, улар қизларга совға сотиб олиши учун ўзига керакли бир нарсадан воз кечиши ва пул йиғиши керак эди.
Улар бўш вақтини фарзандлари билан ўтказишга ҳаракат қилар эдилар. Ислом Абдуғаниевич қизларига борлиқдаги гўзалликни кўришни ўргатганлар, чунки табиатни жуда яхши кўрардилар. Қишда эса улар чанада учишни яхши кўрар ва қорбобо ясашни ҳам унутмас эдилар.
Кузда дарахт баргларини тўплашарди, ўша гербарийлар ҳозиргача сақланади. Якшанба кунлари эса улар дачада велосипедда учишарди.
Кейинроқ Ислом Абдуғаниевич дача ҳудудида ўшандай туганмас завқ ила набиралар билан сайр қилардилар, уларга ҳам сузиш, велосипед миниш ва табиат гўзаллигини ҳис этишни ўргатдилар. Болалар скейтборд ва роликда учаётганини томоша қилишни яхши кўрардилар. Уларнинг абжирлигидан ҳайратга тушардилар, бу борада оддий кузатувчи эдилар.
Йиллар ўтиши билан, айниқса, Республикага раҳбарлик қилган даврдан бошлаб Ислом Абдуғаниевич жуда кўп ишлар эдилар. Кечқурун қизлар уларни кутишарди, мулоқот қилиш учун эса деярли вақт йўқ эди. Улар қизлари билан кун давомида содир бўлган воқеалар ҳақида гаплашар ва уларнинг ўқиши, муваффақиятлари ва севимли машғулотлари билан қизиқардилар. Ислом Абдуғаниевич дам олиш кунлари биз билан кечки овқат қилиш мақсадида ишдан эрта келишга ҳаракат қилардилар. Кейинчалик қизлар ўсиб улғайди, уларнинг ўз оилалари, фарзандлари, иши бор эди. Улар мустақил яшай бошлади, бошқа шаҳарларда ишлагани сабаб Тошкентга кам келишар эди. Биз улар билан кам учрашардик.
— Невараларингиз сизни кўриш учун тез-тез келиб туришадими?
— Невараларим тез-тез ҳолимдан хабар олиб туришади. Imoн Лондонда юриспруденсия йўналишида, Марям Бостонда халқаро сиёсат ва социология йўналишида таҳсил олади.
Улар ўз устида кўп ишлашади, спорт билан шуғулланишади. Қизлар бобоси меҳр уйғотган спорт тури — катта теннис ўйнашади.
— Ислом Каримовнинг рафиқаси сифатида улар ҳақида яна нималар дея оласиз?
— Тақдир менга бутун умр Ислом Абдуғаниевичга хизмат қилишни насиб этди. Мен турмуш ўртоғим ишлаши учун, айниқса, президент бўлганларидан кейин имкон қадар керакли шарт-шароит яратишга интилдим. Негаки, Ислом Абдуғаниевич учун иш жуда ҳам муҳим эканини яхши билар эдим.
У киши кучли ирода ва характер соҳиби бўлиб, жуда кўп ишлар эдилар. Биз оила қурган кезларимизда камолга етган инсон эдилар. Мен ўшандаёқ у кишининг шахсияти кўламини англаган, мураккаб, лекин шарафли бир йўлни босиб ўтишларини ҳис этган эдим.
Мен ҳамиша Ислом Абдуғаниевичга ҳамнафас бўлдим. Мендан бутун умр изланиш, ўсиш, матонатли бўлиш ва тушунишга одатланиш, такомиллашиш йўлидан юрмоқ талаб этилди. Негаки, умр йўлдошим мудом ўқиб-изланиб юксак чўққилар сари талпинардилар. Муҳаббат бизни бирлаштирди, бутун ҳаёт йўлимизни ёритди…
— Ислом Каримовнинг қандай орзулари бўлган?
– Аввало, Ислом Абдуғаниевич раҳнамолигида мамлакатимиз ўта мураккаб тарихий даврда мустақилликка эришди. Конституциявий ва институционал асослар яратилди, халқнинг кўп асрлик маданий қадриятлари ва ўзбек тили қайта тикланди. Биринчи Президентимиз жамият ва миллий иқтисодиётни барқарорлаштиришга эришди, тинчлик, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик асраб-авайланди.
Улар биринчи навбатда, ўзига нисбатан талабчан ва ўзини танқид қиладиган инсон эдилар. Ислом Абдуғаниевич ўз қарорларини қатъий ва холис таҳлилдан ўтказардилар. Улар танланган йўлнинг тўғрилигига ва белгиланган мақсадларга эриша олишига шубҳа қилмадилар; Бундан ҳам яхшироқ иш қилиш, у ёки бу лойиҳани халқ учун катта фойда келтирадиган тарзда амалга ошириш мумкинми, деб кўп ўйлардим. Бундай фикрлар унлари ҳам тез-тез таъқиб қиларди. Улар гапига чин дилдан ишонган, ишонганини қиладиган инсон эдилар
1991 йилнинг кузини эслайман. Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилди. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин деярли барча алоқалар узилди. Республика ижтимоий-иқтисодий ҳалокат ёқасида эди. Улар тадбирларнинг бирида: “25 йилдан кейин Ўзбекистон қандай гуллаб-яшнаган давлатга айланишини кўрасиз!..” деб ишонч билан таъкидлаган эдилар. Ўшанда мен бундай салмоқли даврни тасаввур ҳам қила олмадим, энди кўриб турибман, улар уддасидан чиқдилар, орзу қилган ҳаётларини яратдилар. Бугун Ўзбекистон ўзини суверен мустақил давлат сифатида намоён этиб, халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллади. У ўз ватанининг келажагига ишонган, шунинг учун ҳам Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги нишонланаётган кунларда мамлакат биринчи президентининг умри поёнига етгани икки карра аччиқ ва рамзий маънога эга эди.
— Сизнингча, Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган қайси ёдгорлик уларнинг сиймосини ёрқинроқ акс эттирган?
— Ҳар бир ёдгорлик Ислом Каримов сиймосини ўзига хос тарзда акс эттиради. Ўзбекистон раҳбарияти қарори билан Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ёдгорликлар ўрнатилди. Уларнинг муаллифи Ислом Абдуғаниевич билан шахсан учрашган ва суҳбатлашган таниқли ҳайкалтарош Илҳом Жабборовдир. Биринчи Президентимиз ўз вақтида ушбу ҳайкалтарошнинг ижодий устахоналарига бир неча бор ташриф буюрган, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган, алоҳида образлар ҳақидаги тасаввурлари билан ўртоқлашган.
Самарқанддаги ёдгорлик Registon яқинида жойлашган. Бу боғ нафақат самарқандликлар, балки шаҳар меҳмонларининг ҳам зиёратгоҳи ва дам олиш масканига айланган. Ислом Абдуғаниевичнинг шамолда ҳилпираган палтодаги образи ушбу майдонга уйғунлик билан мос тушган.
Россия пойтахтидаги композицияни алоҳида таъкидлаш керак, унинг муаллифи британиялик ҳайкалтарош Пол Дай ҳисобланади. Россия ва Ўзбекистон президентларининг қўшма қарори туфайли ушбу лойиҳани амалга ошириш мумкин бўлди. Ёдгорлик Ислом Каримов номидаги боғда, Москва марказида, республика элчихонасидан унча узоқ бўлмаган жойда ўрнатилган. Умуман олганда, бу нафақат Ислом Абдуғаниевичнинг она юрти Самарқанд фонида турган биринчи президент қиёфаси, балки маданияти, анъаналари, бой меъморий мероси бўлган бутун Ўзбекистоннинг кўзгусидир. Пол Дай ўз интервьюсида таъкидлаганидек, ушбу ёдгорлик Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзига хос дўстлик кўпригидир.
Россия пойтахти марказидаги майдон ватандан олисда Россияда яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар учун ўзига хос ватанга айланди.
Агар ўхшашликнинг аниқлиги ҳақида алоҳида тўхталадиган бўлсак, ёш ўзбек ҳайкалтароши Жасвант Анназаровнинг ижодини эслатиб ўтмасдан иложи йўқ. Унинг Ислом Каримов ёдгорлик мажмуасидаги кўргазмасида яратган муҳташам бюсти ва Тошкент давлат техника университетидаги барелефида Ўзбекистон биринчи президентининг қиёфаси жуда муфассал ва ҳаққоний тарзда акс этган.
— Ислом Абдуғаниевич ҳар доим ёшлар келажагимиз, деб таъкидлар эди. Сиз айни дамда катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёшларга нималар деган бўлардингиз?
Ёшларга нима дейишим мумкин? Ҳар бир лаҳзани қадрланг, илҳом олинг, яратинг, ўзингизни англанг. Келажагингиз фақат ўзингизнинг қўлингизда. Янги саҳифаларни очинг, ҳеч қачон келажакка ишончингизни йўқотманг.
Шахсий ҳаёт ва профессионал ҳаёт масаласида ҳам юрагингизга қулоқ тутинг. Ўзингиз ёқтирган иш билан шуғуллансангизгина катта муваффақиятларга эришасиз.
Ҳар бир янги кундан завқ олишни ўрганинг. Орзуларингизга эргашишдан қўрқманг. Мақсадингизга эришиш йўлида ишончингизни ҳеч қачон йўқотманг. Ислом Каримов бошлаган ишни давом эттириш сизнинг қўлингизда - сиз янги Ўзбекистонни барпо этасиз.
Изоҳ (0)