Ҳиндистонда яшовчи Ниша исмли аёл Instagram саҳифасидаги икки нафар обуначисини йўқотгани сабабли эридан аразлаб кетиб, унинг устидан полицияга арз қилди. Бу ҳақда The Independent нашри хабар берди. Аёлнинг сўзларига кўра, уй ишлари кўплиги сабабли у видео контент яратишга вақт тополмаган.

Турмушга чиқишидан аввал Ниша ижтимоий тармоқларда фаол бўлган: у ҳар куни Instagram’да камида икки та қисқа видео жойлаб борган. Аммо эрининг илтимосига кўра, у ижтимоий тармоқларда ўтказадиган вақтини қисқартирган ва кўпроқ уй юмушларига вақт ажрата бошлаган. Натижада икки обуначисини йўқотган Ниша эрига нисбатан норозилик билдирган.
Аёл бу борада аёллар масалалари билан шуғулланувчи маҳаллий полиция бўлимига мурожаат қилган:
“Менинг обуначиларим сони камайди, чунки эрим доимий равишда мени идиш-товоқ ювиш ва уй йиғиштириш ишлари билан банд қилиб қўйди. Видео тайёрлашга вақтим қолмади”, дея тушунтирган у полицияга.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари эр-хотин билан бир неча бор тушунтириш ишларини олиб борган. Натижада Ниша аризасини қайтариб олган, бироқ келиб чиққан можаро сабабли аёлнинг эри ишидан айрилган ва ҳозирда янги иш қидирмоқда.
Изоҳ (0)