• Профилга Кириш
  • 1751972643_633.png 1751972643_245.png 1751959824_218.svg 1751959824_520.svg

  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
O'zbekcha
Русский
English
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
    • USD12509.83
    • RUB156.55
    • EUR14520.16
    • Google play
    • App Store
    • Telegram
    • Тошкентда
      +35°C
      • Андижон
      • Қарши
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Фарғона
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Термиз
      • Наманган
      • Тошкент
      • Навоий
      • Тошкент вил
      • Нукус
      • Урганч
    • Daryo
      • Интернет-нашр
      • Таҳририят
      • Алоқа маълумотлари
      • Фойдаланиш шартлари
      • Махфийлик сиёсати
      • Янгиликлар архиви
    • Реклама
    • Ижтимоий тармоқлар
      • Instagram | Расмий
      • Instagram | Лайфстайл
      • Instagram | Спорт
      • Facebook | Расмий
      • OK | Расмий
      • YouTube | Daryo
      • YouTube | Daryo Рус тилида
      • YouTube | Daryo Глобал
    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte
    Daryo logo white
    • Ўзбекистон
      • Бошқалар
      • Навоий
      • Тошкент вилояти
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Қашқадарё
      • Сурхондарё
      • Хоразм
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Наманган
      • Фарғона
      • Aндижон
      • Қорақалпоғистон
      • Тошкент ш.
      • Меҳридарё
      • Об-ҳаво
    • Марказий Осиё
      • Ўзбекистон (Маҳаллий)
      • Афгонистон
      • Қирғизистон
      • Қозоғистон
      • Туркманистон
      • Тожикистон
    • Дунё
    • Пул
      • Бизнес
      • Иқтисодиёт
      • Молия
      • Крипто
    • Маданият
      • Кино
      • Китоб
      • Мусиқа
      • Шоу-бизнес
    • Лайфстайл
      • Аёллар саҳифаси
        • Фарзанд
        • Гўзаллик
        • Карьера
        • Маслаҳатлар
        • Мода
        • Рецептлар
      • Технологиялар
        • Архитектура
        • Гаджетлар
        • Илм-фан
        • Коинот
        • Медиа
      • Авто
      • Қўзиқорин
      • Саёҳат
      • Саломатлик
      • Таълим
        • Абитуриент
        • Инглиз тилини ўрганамиз!
    • Спорт
      • Футбол
      • UFC
      • Бокс
    infinix
    Daryo.uz - Login
    Daryo.uz Daryo.uz
    Daryo.uz - Login
    Дунё

    Отиб кетилган ёки заҳарланган – XXI асрда Россияда шубҳали тарзда ҳалок бўлган ёки ўлдирилган таниқли шахслар

    СССР парчаланиб кетгандан сўнг Россияда жуда кўплаб таниқли шахслар ўлдириб кетилди ёки сирли равишда ҳалок бўлди. Бу ҳолат Путин ҳокимият тепасига келгандан сўнг кўпайди. Ўлдирилганларнинг аксарияти Россия раҳбари ва ҳукуматига мухолиф бўлган ёки уни ашаддий танқидчисига айланган. Қўйида кескин танқидлари учун ўлдирилган ёки шубҳали тарзда вафот этган таниқли шахслар ҳақида сўз юритамиз.

    XXI-асрда Россияда жуда кўп шахслар шубҳали тарзда вафот этди ёки суиқасд қурбони бўлди. Улар орасида турли лавозимдаги шахслар билан бирга Россия ҳукумати ва раҳбарини доимий равишда танқид қилиб келган шахслар ҳам бор.

    Шубҳали тарзда вафот этган ёки ўлдирилган шахсларнинг баъзилари сиёсатчи, баъзилари журналистлар бўлган. Улар орасида миллиардер ёки ФСБ собиқ ходимлари ҳам бор.

    Бу шахсларнинг аксарияти Россияда, айримлари эса хорижда ўлдирилган. Танқидчилар қотилликларни Россия махфий хизмат идораси билан боғлашади. Бироқ ФСБ уларда иштирок этганини рад этади.

    Ушбу материалда Россия раҳбарияти ва ҳукуматини турли ишларда айблаган шахсларнинг қандай тарзда ўлдирилгани ёки шубҳали ҳалок бўлганини эслаб ўтамиз.

    Борис Немцов (2015 йилда ўлдирилган)

    Борис Немцов катта сиёсатга “умидли ёш кадр” сифатида 1990 йилларда Россияни Борис Ельцин бошқариб юрган пайтларда кириб келган.

    Аввалига халқ депутати бўлиб сайланган Немцов 1991 йилда Россия президентининг Нижегород вилояти бўйича вакили бўлади. Шу билан бирга у 1991-1997 йиллар оралиғида Нижегород вилояти губернатори вазифасини бажаради.

    1997 йилда Немцов етти ой мобайнида Россия ёқилғи ва энергетика вазири бўлган. Ўша йили март ойида у Россия ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари бўлади ва бу вазифада бир ой ишлайди. Сўнг ҳукумат раисининг оддий ўринбосари бўлади.

    Ўша пайтда кўпчилик 38 ёшда бўлган сиёсатчини Борис Ельциндан кейин Россия раҳбари бўлишга асосий даъвогар деб ҳисобларди. Бироқ вазият бошқача кечади ва 2000 йилда Россия “тахтига” собиқ КГБчи, Россия федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Владимир Путин келади.

    Шундан сўнг Борис Немцов мухолифат томонга ўтади ва Путиннинг ашаддий танқидчисига айланади. У узоқ йиллар давомида Россия президентининг ашаддий танқидчиси бўлиб келади.

    Бундан ташқари, Немцов кўп марта Россия президентига қарши намойишлар, митинглар ўтказди ва омма олдида Путинга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатди.

    2014 йилда Россия Украина шарқига ўз ҳарбийларини киритганда ва Қримни ўзига қўшиб олганда Немцов буни танқид қилиб чиқади.

    2015 йил 27 февраль куни Москвадаги кўприклардан бирининг устида номаълум шахслар сиёсатчига қарата олтита ўқ узишади. Оқибатда оғир тан жароҳатлари олган Немцов ҳодиса жойида ҳалок бўлади.

    Ўшанда ФСБ раҳбари Александр Бортников Немцовни ўлдирганликда гумонланиб икки шахс – Анзор Губашев ва Заур Дадаев қўлга олинганини маълум қилади. Кейинчалик сиёсатчининг ўлимида яна бир неча нафар шахс айбланади.

    Асосий айбланувчи, Россиянинг Шимолий Кавказдаги ҳарбий бўлинмаси командири бўлган Заур Дадаев қўлга олинади. Терговда у Немцовни Ислом динини танқид қилгани учун ўлдирганини айтади.

    Бироқ Россиялик аксарият мухолифатчилар, хорижлик экспертлар Немцов айнан Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлгани учун ўлдирилганини айтишади.

    Бир неча йиллардан буён Немцов ўлдирилган жой Росгвардия ва полиция ходимлари томонидан қўриқланади ва у ерга гул қўймоқчи бўлганлар кўприкка яқинлаштирилмайди.

    Борис Березовский (2013 йилда вафот этган)

    Борис Березовский ўз даврида Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцинга яқин одамлардан бири бўлган ва 1990 йилларда ўтказилган хусусийлаштириш жараёнларида жуда катта мулкка ва пулга эга бўлиб, миллиардерга айланган.

    У 1990 йиллар охирларида вақтинчалик Россия раҳбари бўлган Путин билан яқинлашишга уринади. Ҳатто 2000 йил 8 май куни Путиннинг инагурациясида қатнашади.

    Бироқ Россиянинг янги президентидан ўзи кутган жавобни ололмагач унинг танқидчисига айланади. Орадан кўп ўтмай 2000 йил ноябрда у Британияга қочиб кетади. Шундан сўнг унинг Россиядаги активлари мусодара қилинади.

    Олигарх Британияда ҳам тинч юрмайди ва Россия раҳбарини танқид қилишда давом этади. У Британияда яшаб юрган кезларида бир неча марта ўзини номаълум шахслар кузатаётганини ва бир марта жонига қасд қилишга уринишганини айтган.

    2013 йил 23 март куни Березовский Лондондан 40 км узоқликда жойлашган уйидан жонсиз ҳолда топилади. Ўшанда у 67 ёшда эди. Миллиардернинг жасадини биринчи бўлиб тансоқчиси кўриб қолади.

    Аввалига Березовский ўз жонига қасд қилгани айтилади. Кейинроқ эса олигарх жонига қасд қилмагани ва уни ўлдиришгани ҳақида гап-сўзлар тарқайди.

    Кейинчалик унинг ўлими бўйича мустақил текширув олиб борган бир неча таниқли мутахассислар Березовский ўз жонига қасд қилмаганини, бунга асос ҳам бўлмаганини, у ўлдирилганини айтиб чиқишган. Россия мухолифати Березовский ФСБ агентлари томонидан усталик билан ўлдирилганини айтишган.

    Станислав Маркелов ва Анастасия Бабурова

    Станислав Маркелов ва Анастасия Бабуровани бекорга битта рақам остида келтирмадик, сабаби қотил уларни бирга кетаётганда ҳужум қилган ва ўлдирган.

    2000 йиллар бошларида Станислав Маркелов Россиядаги таниқли адвокат эди. Ўша пайтларда у асосан Путинни танқид қилиб мақола ёзган журналистлар турли сабаблар билан маҳкамаларга тортилганда уларни ҳимояси билан шуғулланарди.

    Жумладан, 2006 йилда ўлдирилган ва Путин ва унинг Чеченистондаги ҳарбий ҳаракатлари танқидчиси бўлган Анна Политковскаяни кўп марта ҳимоя қилган.

    Бундан ташқари, Маркелов Полковник Юрий Буданов томонидан зўрлаб ўлдирилган чечен қизи Элза Кунгаева ишида ҳам Элзанинг қариндошларига адвокатлик бўлган.

    Анастасия Бабурова ҳам журналист, сиёсатчи ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоли бўлган ва асосан Маркелов билан ҳамкорликда ишлаган.

    2009 йил 19 январь куни Станислав ва Анастасия Кремль яқинидаги кўчанинг пиёдалар йўлакчасидан кетишаётганда номаълум шахс ҳужум қилади. У аввал Станиславга, сўнг Анастасияга тўппончадан ўқ узади. Оқибатда Станислав ҳодиса жойида, қиз эса касалхонада вафот этади.

    Кўп ўтмай Россия прокуратураси Москвада яшовчи эр-хотин Никита Тихонов ва Евгения Хасисни қотилликда айблайди ва уларни қўлга олади. Икки йил давом этган терговдан сўнг Никита умрбод, Евгения эса 18 йил қамоқ жазоси олади.

    Маълум бўлишича, эр-хотин рус миллатчилари томонидан ташкил этилган ноқонуний ташкилот сафида бўлишган. Уларга Станислав ва Анастасиянинг миллатчиларга қарши бўлгани, шунингдек чеченларни тарафини олиб келгани ёқмаган.

    Гарчи айбдорлар топилиб, улар жазосини олган бўлса-да, Россия мухолифати Сталислав Маркелов Анастасия Бабуровани ФСБ йўқ қилган деб ҳисоблайди. Бунга сабаб эса улар Путинни доимо танқид қилиб келишгани бўлган.

    Сергей Магницикий (2009 йилда ўлдирилган)

    Сергей Магницкий америкалик адвокат Жеймс Фаерстоун томонидан ташкил этилган Fireстоне Дунcан хусусий консалтинг компаниясида юқори лавозимда ишларди.

    Ўша пайтларда Россиядаги йирик фондлардан бири Ҳермитаге Cапитал Management ҳам Fireстоне Дунcанънинг мижози эди. 2006 йил охирида кутилмаганда Ҳермитаге Cапитал Management раҳбари Уилям Браудер фонд Россияда ўз фаолиятини тўхтатиши ва активларни сотишини эълон қилади.

    Бу қарор кўпчиликни ҳайрон қолдиради. Чунки фонд 2006 йилда қарийб ярим млрд доллар даромад қилган, Россия бюджетига 230 млн доллар солиқ тўлаганди.

    2007 йилга келиб иш анча катталашади ва полиция аввалига Hermitagе Cаpital Management офисида, сўнг унга хизмат кўрсатиб келаётган Firestonе Dunsan консалтинг фирмасида тинтув ўтказилади. Полиция ходимлари бу ердан фондга тегишли барча ҳужжатларни олиб кетишади.

    Табиийки Firestonе Dunsan ўз мижози бўлган фонд атрофида содир бўлаётган ишлар бўйича суриштирув ўтказа бошлайди. Суриштирувларда Сергей Магницкий фонд таркибидаги компаниялар солиқ органлари раҳбарлари ва Россия ИИВ юқори мартабали мулоимлари билан тил бириктириб, 200 млн долларни ўзлаштирганини аниқлайди. Шундан сўнг унинг бошида қора булутлар айлана бошлайди.

    2008 йил 24 ноябрь куни Сергей Магницкий Hermitagе Cаpital Management  фонди раҳбари Уилям Браудерга солиқлардан қочишда ёрдам берганликда айбланиб, Москва шаҳар ИИБ солиқ жиноятларига қарши кураш бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинади.

    11 ой давом этган терговдан сўнг 2009 йил 16 ноябрь куни Магницкий Москвадаги тергов ҳибсхонасида шубҳали тарзда вафот этади. Ўша йили 30 ноябрь куни унга нисбатан очилган жиноят иши вафоти муносабати билан ҳаракатдан тўхтатилади.

    Магницкий вафот этганидан сўнг ҳибсхона маъмурияти аввалига у панкреонекроздан вафот этганини сўнг ўткир юрак етишмовчилигидан вафот этганини айтиб чиқади.

    Магницкийнинг адвокатлари эса у ҳибсдалигида қийноққа солингани ва оқибатда турли тан жароҳатлари олгани ва ўз вақтида тиббий муолажа кўрсатилмагани учун вафот этганини айтишган.

    Кейинчалик, Магницкий Путиннинг танқидчиси бўлгани учун сохта айбловлар билан жиноят иши қўзғатилгани ва у қамоқхонада қасддан ўлдириб юборилгани ҳақида гап-сўзлар чиқади.

    Магницкийнинг ўлими нафақат Россияда, балки Ғарбда жуда катта шов-шув келтириб чиқаради. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоллари айбдорларни топиб жазолашни талаб қилишади.

    Бироқ Россияда Магницкийнинг ўлими юзасидан бирор киши жиддий жазо олмайди. Шундан сўнг АҚШда “Магницкий қонуни” ишлаб чиқилади. Бу қонунда нафақат Магницкийнинг ўлими бўйича айбдорларга, шунингдек, коррупцион ишларга аралашган ёки инсон ҳуқуқлари бузилишига сабабчи бўлган шахсларга ҳам санкциялар жорий қилиш назарда тутилган.

    Наталя Эстемирова (2009 йилда ўлдирилган)

    Наталя Эстемирова Россиядаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича таниқли инсонлардан бири эди. У ўз маслакдошлари билан асосан Путин ҳокимият тепасига келгандан сўнг бўлиб ўтган Иккинчи чечен уруши даврида россиялик ҳарбийлар томонидан тинч аҳолининг қириб юборилгани бўйича текширувлар ўтказган.

    Бу жасур аёл ўз суриштирувлари ва ҳақиқатларни юзага чиқаргани учун халқаро ташкилотлар томонидан бир неча марта нуфузли мукофотларни қўлга киритган. Ҳатто 2007 йилда Нобель мукофотининг аёллар бўлими уни Анна Политковская номидаги мукофотга лойиқ кўрган.

    Наталянинг Россия армияси Чеченистонда ўтказган оммавий қирғинлар ўтказгани ҳақидаги суриштирувлари ва улар асосида ёзган материаллари Россия амалдорларига ёқмасди. Аёлга кўп марта аноним таҳдидлар бўлган. Бу у ФСБ ходимлари амалга оширган деб ҳисобларди.

    2009 йил 15 июль куни эрталаб номаълум шахслар Наталяни Грознийдаги уйидан олиб чиқиб кетишади. Ўша куни тушдан сўнг аёлнинг жасади Ингушетидан, катта йўл ёқасидан топилади. Наталянинг боши ва кўкрагига узилган икки туфайли жон берганди.

    Россия мухолифатига кўра Путин ва унинг Чеченистонда олиб борган урушини тинимсиз танқид қилиб келган аёлни ФСБ ходимлари ўлдирган. Бироқ ҳукумат буни тан олмайди ва отаси чечен, онаси рус бўлган Наталяни чечен жангарилари ўлдирганини айтиб чиқади. Шу тариқа, Россияда Наталянинг ўлими учун ҳеч ким жазоланмайди.

    Анна Политковская (2006 йилда ўлдирилган)

    Анна Политковскаянинг касби журналист бўлган ва у “Новая газета”нинг мухбири сифатида ишлаган. Аёл журналистикадан ташқари, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан ҳам шуғулланган. Том маънода у Наталя Эстемирова кабилар билан ҳамкорликда ишлаган.

    Россия армияси Иккинчи чечен урушини ўтказгач, Аннага Чеченистондан жуда кўп мурожаатлар тушади. Уларнинг аксариятида мурожаатчилар Россия армияси Чеченистонда тинч аҳоли вакилларини қирғин қилгани, аёлларни зўрлагани ҳақида хабар берганди.

    Шундан сўнг Анна кўп вақтини Чеченистонда ўтказади ва узоқ овулларгача бориб, Россия армияси содир этган қирғинларга гувоҳ бўлганлар билан гаплашади. Ўзи йиққан маълумотлар асосида мақолалар ёзиб, “Новая газета” нашрида чоп эттиради.

    Шунингдек, Анна Чеченистонда кўрган-кечирганлари, йиққан маълумотлари асосида бир нечта ҳужжатли китоблар ёзади. “Дўзахга саёҳат. Чечен кундалиги”, “Иккинчи чечен уруши”, Чеченистон: Россиянинг исноди”, “Жиноий тўда келишуви”, “Дом-даракциз йўқолган одамлар” шулар жумласидан.

    Бундан ташқари, Путиннинг ашаддий танқидчиси сифатида Анна “Путин Россияси” ва “Путинсиз Россия” китобларини ёзган.

    Анна Чеченистонда суриштирув ўтказиб юрган пайтларида кўп марта ноқонуний ҳибсга олинган ва бир неча кундан сўнг қўйиб юборилган.

    2006 йил 7 октябрь куни Москвадаги кўп қаватли уйлардан бирининг лифтида аёл кишининг жасади топилади. Аёл пистолетдан отилган тўртта ўқ ёрдамида ўлдирилганди. Текширувларда жасад Анна Политковскаяга тегишли экани аниқланади. Аёл айнан Путиннинг туғилган кунида ўлдирилган эди.

    Орадан икки йил ўтгач Россия прокуратураси Аннани Британияда қочиб юрган Березовскийнинг буюртмаси билан чечен жиноий авторитети Ҳожи-Аҳмад Нухаевнинг йигитлари ўлдирганини маълум қилади. Бироқ Россия мухолифати бу версияни рад этиб, ФСБ Аннани ўлдириб, Путиннинг туғилган кунига совға тайёрлаганини айтиб чиқади.

    Александр Литвиненко

    Александр Литвиненко совет даврида КГБ, сўнг ФСБ ходими бўлиб ишлаган, подполковник унвонигача олган нуфузли ходим эди.

    1998 йилда у ФСБдаги бошлиқлари таниқли миллиардер Борис Березовскийни ўлдириш бўйича топшириқ берганини айтиб чиқади. Шундан сўнг кўп ўтмай уни ФСБдан ишдан бўшатишади.

    Бироқ ФСБ Литвиненкони бўшатгандан кейин ҳам уни тинч қўймайди ва собиқ ходимнинг ҳар бир қадами кузатилади. Бундан мақсад аниқ эди – мабодо Литвиненко шубҳали иш қиладиган бўлса уни дарҳол йўқотиш.

    1999 йил ноябрда ФСБ литвиненкони ҳибсга олади. Декабрь ойида ҳеч қаерга кетмаслик шарти билан у қўйиб юборилади. Кўп ўтмай унга қарши жиноят иши қўзғатилади. Шундан сўнг у 2000 йилда Британияга чиқиб кетади.

    Собиқ ФСБ зобити Лондонга бориб жойлашгач ўзи билан барча сирларни ошкор қилади. Жумладан, у 1999 йилда Россиянинг бир нечта шаҳрида содир бўлган ва чечен террорчилари амалга оширган портлашларни аслида ФСБ уюштирганини айтади. У бу ишнинг тафсилотларини ўзининг “ФСБ Россияни портлатмоқда” китобида батафсил баён қилган.

    2006 йил 1 ноябрь куни Литвиненко Лондондаги барларнинг бирида италиялик адвокат Марио Скарамелла билан учрашади. Учрашув давомида овқатланмайди ва фақат сув ичиб ўтиради. Ана шу ерда у ўзини ёмон ҳис қилади.

    Учрашувдан сўнг орадан 16 соат ўтгач у Борис Березовскийнинг офисига боради ва шу ерда миллиардернинг икки нафар россиялик ҳамкори билан учрашади. Шундан сўнг унинг мазаси қочади ва Литвиненкони дарҳол касалхонага етказишади.

    Касалхонада врачлар Литвиненко таллий заҳарли моддаси билан заҳарланганиини айтишади. Полиция дарҳол ишга киришади, бироқ Литвиненко италиялик адвокат билан учрашган барда кузатув камералари йўқлиги туфайли у ерда нима бўлганини аниқлашнинг иложи бўлмайди.

    Березовскийнинг икки нафар ҳамкори эса Литвинов билан тез-тез учрашиб туришганини ва уни заҳарланишига алоқалари йўқлигини маълум қилишади.

    Орадан қарийб уч ҳафта ўтгач Литвиненко Лондондаги университет шифохонасига ўтказилади. У ерда унинг таллийдан эмас, полоний радиоактив моддаси ёрдамида заҳарлангани ойдинлашади.

    Заҳар Литвиненконинг танасида оққонни келтириб чиқарган ва унинг танаси жуда тез ишдан чиқиб боради. 23 ноябрь куни у ўлимидан аввал Исломни қабул қилади ва жон беради. Унинг ўлимидан сўнг Лондон полицияси собиқ ФСБ зобити қасддан заҳарланганини маълум қилади.

    Кейиналик Литвиненкони у Березовскийнинг офисида учрашган Андрей Луговой заҳарлагани ойдинлашади. Британия Россиядан Луговойни экстрадиция қилишни сўрайди, бироқ рад жавобини олади. Кейинчалик Литвиненкони заҳарлаб ўлдириш амалиётига ўша пайтда ФСБда ишлаган, ҳозирда Россия президенти ёрдамчиси лавозимида ишлаб келаётган Николай Патрушев бошчилик қилгани айтилади.

    Сергей Юшенков (2003 йилда ўлдирилган)

    Сергей Юшенков полковник унвонигача олган собиқ ҳарбий эди. У сиёсий фаолиятини СССР парчаланишдан бир оз аввал бошлаган ва кейинчалик 1994 йилдан 1996 йилгача Думада Мудофаа қўмитаси раҳбари бўлиб ишлаганди.

    Қўмита раҳбарлигидан бўшагач Сергей Россиядаги демократик кучлар сафига ўтади ва амалдаги ҳукуматга мухолиф бўлади.

    1999 йилда Сергей Юшенков Россиянинг бир нечта шаҳрида содир бўлган портлашлар юзасидан суриштирув олиб боради ва улар Путин бошчилигидаги ҳукумат томонидан уюштирилганини айтиб чиқади. Шундан сўнг собиқ ҳарбийнинг бошида қора булутлар айлана бошлайди.

    2003 йил 17 апрель куни Юшенков Москвадаги уйи олдида ўлдириб кетилади. Унга Макаров тўппончасидан уч марта ўқ узилганди. Ўша пайтда у 53 ёшда эди.

    Суриштирув давомида қотиллик содир этилган жойдан унча узоқ бўлмаган жойдан қўлқоп топилади. Текшириб кўрилганда қўлқопдаги излар тўппончадаги излар билан бир хиллиги аниқланади.

    Қўлқопда қолган бармоқ излари текшириб кўрилганда, улар Сиктивкар шаҳрида яшовчи, аввалроқ гиёҳванд моддалар савдоси туфайли қамалиб чиққан шахсга тегишли экани маълум бўлади.

    Гумонланувчи ушланганда у Юшенковни ўлдиришни унинг яқин ҳамкори Михаил Коданёв буюртма берганини айтади. Бироқ Коданёв айбини тан олмайди. Шундай бўлса ҳам кейинроқ у буюртмачи сифатида 20 йил, буюртмани ижро этишга масъул бўлган яна икки шахс 10 ва 11 йил қамоқ жазоси олади.

    Бироқ Россия мухолифати Юшенков ФСБ томонидан уссталик билан ўлдирилгани ва барча айблар унинг яқин ҳамкорларига тўнкалганини айтиб чиқади.

    Юрий Шчекочихин (2003 йилда ўлдирилган)

    Юрий Шчекочихин СССР парчаланиб кетишидан аввал коррупция билан боғлиқ жиноятлар ҳақида ёзиб юрган ва советларнинг жазо тегирмонидан омон қолганди.

    Охир-оқибат у ҳам 1999 йилда Россиянинг бир неча шаҳрида содир бўлган портлашлар бўйича ўтказилган суриштирувлари ортидан ўлдириб кетилади.

    Гап шундаки, Юрий ҳам 1999 йилда кўп қаватли уй-жойларда содир бўлган портлашларни чечен террорчилари эмас, балки эндигина Россия тепасига келган Путиннинг обрўсини ошириш учун ФСБ уюштирганига далиллар топган ва уларни “Новая газета” нашрида эълон қилганди.

    2003 йил июлда Юрий АҚШга сафар қилиши керак эди. Бироқ парвозга уч кун қолганда у тўсатдан вафот этади. Аслида Юрийни тўсатдан вафот этди деб ҳам бўлмайди. Вафотидан сал аввал бирданига унинг сочи тўкилади ва ўзи озиб кетади.

    Россия мухолифати Юрий ФСБ томонидан полоний билан заҳарланганини айтиб чиқади. Бироқ Россия тергов қўмитаси ва бошқа тегишли ташкилотлар унинг мурдасини текширишга рухсат беришмайди. Журналистнинг ўлимига доир барча ҳужжатлар мутлақо махфий мақомига ўтказилади.

    Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

    13 август, 11:35   Изоҳ (0)   1233
    Facebook Twitter LinkedIn Telegram Email
    #Россия#Отиб кетилган#заҳарланган#ҳалок бўлган#ўлдирилган

    Изоҳ (0)

    Кириш
    Жавоб қолдиринг Бекор қилиш

    ×Lightbox Image

    Daryo.uz | Сизнинг муаммоингиз ечими


    APEX BANKдан бизнес учун индивидуал хизмат кўрсатиш — бу қулайлик билан бизнес юритиш демакдир


    “Yandex Uzbekistan” информатика ўқитувчилари учун таълимда сунъий интеллект этикасига оид интенсив курслар ташкил этди


    Олий таълим етакчилари Тошкентда биринчи ҚС Eurasia Форумъда бирлашади


    30 июль куни Тошкентда BYD инновацион мобил модули ўз фаолиятини бошлади


    “Омад мавсуми” UZCARD билан: уч босқич, учта саёҳат ва бош соврин — электромобиль 


    “Боғибаланд”да анжир сайли: Самарқандда миллий мева байрами бўлиб ўтди 


    7 йилга пеняларсиз бўлиб тўлаш имконияти — 2025 йил охиригача премиум-класс коттежларни қулай муддатли тўлов асосида харид қилинг! 


    “Янги Ўзбекистон” боғи йўллари ёпилгани ҳақидаги хабарлар асоссиз 


    Дивидендлар нима: улар қандай ишлайди ва инвесторлар қандай фойда олади?


    Оҳангаронда “ Turon Enduro Uzbekistan Cup” эндуро мототцикл мусобақаси бўлиб ўтади 


    Way II компаниясидан иккинчи дивиденд тўлов


    Бизнесга биринчи қадам — “Lux”: Universal bankдан 100 миллион сўмгача имтиёзли кредит


    Central Asian University халқаро Васийлик кенгаши ташкил этилганини эълон қилади 


    ИМЗОнинг Engelberg премиум деразалари Нидерландияга экспорт қилинди


    ИМЗОнинг Engelberg премиум деразалари Нидерландияга экспорт қилинди 

     

    Тавсия этамиз

    Тошкентда иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув тарифлари яна оширилиши мумкин

    13 август, 09:46
    Audio Icon

    Самога сочилган юлдузлар: “Пахтакор 79” воқеасига 46 йил бўлди

    11 август, 10:09
    Audio Icon

    Отиб кетилган ёки заҳарланган – XXI асрда Россияда шубҳали тарзда ҳалок бўлган ёки ўлдирилган таниқли шахслар

    13 август, 11:35
    Audio Icon

    Космосдан қуруқликкача: АҚШнинг “Олтин гумбаз” ракета қалқони 4 қатламдан иборат бўлади

    13 август, 13:39
     
     
     

    Сўнгги янгиликларга ўтиш

    АҚШ собиқ президентига тегишли уй 5,28 миллион долларга сотилди (фото)

    Лайфстайл | 13 август, 13:51

    “Янги Ўзбекистон” боғи йўллари ёпилгани ҳақидаги хабарлар асоссиз 

    Реклама | 13 август, 13:45

    Космосдан қуруқликкача: АҚШнинг “Олтин гумбаз” ракета қалқони 4 қатламдан иборат бўлади

    Дунё | 13 август, 13:39

    Илон Маск Ўзбекистонга келиши мумкин

    Ўзбекистон | 13 август, 13:34

    Шерзодхон Қудратхўжани камситган блогер жаримага тортилди

    Ўзбекистон | 13 август, 13:26

    “Водий дербиси”, мухлисларга тўла стадион ва сўнгги дақиқалардаги гол: “Андижон” ва “Навбаҳор” ўйинидан фотогалерея 

    Спорт | 13 август, 13:18

    Россия армияси Трамп ва Путин учрашуви арафасида фронтда олдинга силжиди — Reuters

    Дунё | 13 август, 13:12
    Daryo About Us

    «Daryo» интернет-нашрининг (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) томонидан 13.03.2015 йил санасида 0944-сонли гувоҳнома билан оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган). Матнли материалларини тўлиқ кўчириш ёки қисман иқтибос келтиришга, шунингдек, фотографик, график, аудио- ва/ёки видеоматериалларидан фойдаланишга daryo.uz сайтига гиперҳавола мавжуд бўлган ва/ёки «Daryo» интернет-нашрининг муаллифлигини кўрсатувчи ёзув илова қилинган тақдирда йўл қўйилади. Чоп этиладиган баъзи маълумотлар 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга мўлжалланмаган бўлиши мумкин. Info@daryo.uz

    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte

    © «Simple Networking Solutions» МЧЖ, 2013–2025

    Ёш бўйича чеклов

    Хато топдингизми? Ctrl+Enter тугмаларини босинг

    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Реклама
    Нимани қидирамиз?

    Sign In or Register

    Хуш келибсиз!

    Тизимга киринг ёки Рўйхатдан ўтинг.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Рўйхатдан ўтинг

    Рўйхатдан ўтганмисиз? Login.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Сизга парол электрон почта орқали юборилади.

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Матнда хато топдингизми?

    ×

    Раҳмат. Биз сизнинг хабарингизни олдик ва хатони имкон қадар тезроқ тузатамиз.