Халқаро астронавтика конгресси (International Astronautical Congress — IAC) 2028 йилда Самарқандда ўтказилиши ва унга Илон Маск ташриф буюриши мумкин.

“Ўзбеккосмос” агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, агентлик вакиллари Халқаро астронавтика конгрессини Самарқандда ўтказиш таклифини илгари сурди. Ушбу нуфузли тадбирни Ўзбекистонда ўтказиш имкониятлари билан яқиндан танишиш мақсадида Халқаро астронавтика федерацияси ижрочи директори Кристиан Файхтингер Самарқанд ва Тошкент шаҳрида текширув – кузатув ишларини олиб бориб, конгрессни қабул қилишга тайёрлик даражаси, моддий-техник база, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмаси, хавфсизлик, ижтимоий тадбирларни ташкил этиш ҳудудлари билан яқиндан танишди, вазирлик ва идоралар масъуллари билан учрашувлар ўтказди.
Халқаро астронавтика конгресси Милан (2024), Боку (2023), Париж (2022), Дубай (2021), Вашингтон (2019), Бремен (2018) ва Аделаида (2017) каби шаҳарларда ўтказилди ва мазкур мамлакатлар учун сезиларли натижаларни берди. Жумладан, БААда IАC-2021 миллий космик дастурни фаоллаштиришда асосий омил бўлди, хусусан “Hope” миссиясининг Марсга учирилиши ва Миллий космик фан марказининг ташкил этилишига туртки бўлди.
2025 йилнинг 29 сентябрь 3 октябрь кунлари ушбу конгрессга мезбонликни Австралия қабул қилиб олади.
Маълумотларга кўра, ўтказилиши режалаштирилаётган халқаро астронавтика конгрессига Илон Маск ташрифи ҳам кутилмоқда. Маълумки, Маск шу вақтгача ўтказилган мазкур анжуманларга махсус вакил сифатида қатнашиб, муваффаққиятли лойиҳаларни илгари суриб келган.
Жаҳон космик майдонидаги энг йирик халқаро анжуманлардан бири бўлган International Astronautical Congress — IAC ҳар йили бутун дунёдан 10 мингга яқин космос саноати етакчилари, соҳада илмий тадқиқотлар олиб бораётган етакчи компания ва агентликлар вакилларини бир мулоқот платформаси атрофида жамлайди.
Изоҳ (0)