“Ўзэнергоинспекция” навбатларга сабаб бўлаётган Аи-80 автобензинни сотувга чиқармасдан ўзида сақлаб турган АЁҚШларга чора кўрилганини маълум қилди.
Айни кунларда ҳудудларда Аи-80 маркали автобензинга талаб ошиши натижасида кўплаб АЁҚШларда навбатлар кўпайган. Инспекция хабарида қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан нефть маҳсулотларини етказиб бериш ва уларни сотувга чиқарилиши юзасидан АЁҚШларда назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, Андижон вилоятидаги “Н.П.”, “Н. О.”, “Л.Г.”, “С.О.” ва “Ш.А.О.” МЧЖларга қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида биржа савдоларида харид қилинган Аи-80-маркали автобензин ҳеч қандай сабабларсиз сотувга чиқармасдан сақлаб туриш ҳамда фаолият кўрсатмаётган шохобчаларга йўналтириш каби ҳолатлар аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан қоидабузарликка йўл қўйган ушбу АЁҚШлар биржа савдоларида иштирок этиши вақтинча тўхтатилди.
“Ўзэнергоинспекция” матбуот хизматининг 15 декабрь куни билдиришича, Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан сўнгги икки кунда нефть базалардан автобензин маҳсулотини махсус ташувчи транспортлар орқали етказиб берилиши бўйича 50 дан ортиқ АЁҚШда назорат ишлари амалга оширилди.
АЁҚШларда нефть маҳсулотларини етказиб бериш ва уларни сотувга чиқарилиши юзасидан ҳам назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Хусусан, Фарғона вилояти Фарғона туманида ўтказилган шундай тадбир давомида “В.Ҳ.О.” МЧЖга қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасига таъминотчи омборидан олиб келинган 3,7 тонна Аи-80 маркали автобензин АЁҚШ орқали сотилмасдан, улгуржи сотиб юборилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан қоидабузарликка йўл қўйган АЁҚШлар биржа савдоларида иштирок этиши вақтинча тўхтатилди.
Бундан аввал Ўзбекистонда биржа савдоларига чиқарилаётган кунлик автобензин ҳажми тўрт баробар оширилгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)