Россия президенти Владимир Путин 36 нафар собиқ ва амалдаги сиёсий етакчиларни Рождество ва кириб келаётган Янги йил билан табриклади.
Европа давлатлари етакчилари орасида фақат Сербия президенти Александр Вучич ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан бор. Улардан ташқари, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Венесуэла президенти Николас Мадуро, Куба президенти Мигел Диас-Канел Бермудес, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва президенти Драупади Мурму, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва президенти Ваагн Хачатурян, Шимолий Корея президенти Ким Чен Ин, Рим папаси Франциск, Хитой раиси Си Цзиньпин табрик телеграммаларини қабул қилди.
Марказий Осиё давлатларининг барча президентларига табрик йўлланган.
Бундан ташқари, табриклар яна беш нафар собиқ раҳбарга йўлланган: Куба собиқ президенти Рауль Кастрога, Қозоғистон собиқ раҳбари Нурсултон Назарбоев, Арманистон собиқ президенти Роберт Кочарян ва собиқ бош вазир Серж Саргсянга, шунингдек, Германиянинг собиқ канцлери Герҳард Шрёдерга.
Рўйхатда декабрь ойи охирида Москвага ташриф буюрган Словакия бош вазири Роберт Фицо йўқ. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков у ҳам Путиндан табрик олганини айтган.
2023 йилга нисбатан Путин табрикларини олувчилар рўйхатида Сурия ва Абхазия президентлари Башар Асад ва Аслан Бжания йўқ. Биринчиси фуқаролар уруши натижасида ағдарилди ва Россияга қочиб кетди, иккинчиси оммавий норозилик намойишларидан кейин истеъфога чиқди. Бундан ташқари, рўйхатда бир йил аввал телеграмма олган Франция собиқ бош вазири Николя Саркози тилга олинмаган.
Изоҳ (0)