Олий Мажлис Сенати 16 августдаги ялпи мажлисда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фаолиятига оид тасвирларни “обрўсизлантириш мақсадида” тарқатганлик учун жазони назарда тутувчи қонунни маъқулламади.
Қонун қайта кўриб чиқиш учун қайтарилди. Энди парламент палаталарининг келишув комиссияси тузилади.
“Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун 2023 йил 28 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда депутатлар томонидан қабул қилиб, Сенат муҳокамасига юборилганди.
Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариши чоғида олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш мақсадида, яъни ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни интернетга жойлаштириш БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима солишга ёки 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.
Ўшанда депутат Дониёр Ғаниев буни очиқлик сиёсатига зид деб ҳисоблашини айтганди.
“Бу ИИО тўғрисидаги давлат, ҳокимият бошқаруви органи очиқлик тўғрисидаги қонунларимизга ҳам тўғридан тўғри зид. Конституциямизда ҳам ахборот эркинлиги бор. Мана шу нарсаларни инобатга олиш керак. Қолаверса, энг хавотирлиси шуки — бу норма амалиётга кирадиган бўлса, баъзи мансабини суиистеъмол қилувчи, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинлигини камситувчи ходимлар бундан бошқа мақсадларда: фуқаролар ҳуқуқларини бузишга, уларга нисбатан қўпол муомалада бўлишга ишлатишлари хавфи йўқ эмас”, деган эди депутат.
Белгиланаётган жазо чоралари жамоатчилик эътирозларига ҳам сабаб бўлди. Хусусан, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳам буни танқид қилиб, ушбу қонун нормасига ҳеч қандай эҳтиёж йўқлиги ва бу эртага фақат зарар келтиришини қайд этганди.
Изоҳ (0)