Ижтимоий тармоқларда ўзини дефектолог, дудуқланиб гапирадиган болаларни даволовчи мутахассис сифатида танитиб фаолият юритиб келаётган Дилором Жабборова бугун яна муҳокамалар марказида бўлмоқда.

У ўз саҳифасига болаларни ит каби акиллатиб дарс ўтаётгани акс этган видеони жойлаган. “Дарё” ҳолат юзасидан болалар омбудсманига юзланди. Болалар омбудсманининг билдиришича, мазкур аёлнинг бола манфаатига зид бу тарздаги ҳаракатлари бўйича болалар омбудсмани Бош прокуратурага тегишли сўров киритган.
Ҳозирда ҳолат прокуратура органлари томонидан ўрганилмоқда.
Аёлнинг ўзи эса ҳолатни қуйидагича изоҳлаган:
“3-5-8-10-13 йил айрим ёпиқ эшиклар ортида миллионлаб ўғил, қизларимиз овози, сўзи, фикри, ҳиссиёт ва туйғулари ўчиқ режимидаки, улар фақат пичирлаш, бошни силкитиш ёки кўз ёш тўкиш билан яшашмоқда. Майдагина бўлиб қолган овозни асл катта, чексиз ҳолатга қайтариш учун жарроҳлик қилинадими ёки косметолог ҳузурига бориладими?
Дори-дармон, укол, ток эмоционал ва энергетик фаолликни тиклай олмайди, аксинча тинчлантиради. Актёрлик маҳорати, мусиқа, спорт — бу йўналишлар асосан инсонга энергия (қувват), ишонч, журъат, куч беради. Бу фарзандларим сизга эшитилган товушда ҳаракат қилиши, катта эркинлик”.
2024 йилнинг 27 февраль куни мазкур аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши тергови давомида аёлнинг болалар дудуқланиши муаммосига оид ҳар қандай фаолият билан шуғулланиши тўхтатилгани, у бундай хизмат кўрсатишни давом эттирмаслик юзасидан тегишли тартибда огоҳлантирилгани айтилганди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Дефектолог орада бир муддат ўз фаолиятини тўхтатган бўлсада, кўп ўтмай яна давом эттирди.
Изоҳ (0)